Олтин нархи уч ой ичида илк бор 4 минг доллардан пастга тушди
Жаҳон бозорида олтиннинг бир троя унцияси нархи 3 975 долларгача пасайиб, июль ойининг ўрталаридан бери энг паст даражага тушди. Қимматбаҳо металл ҳафталик ҳисобда қарийб 4 фоизга арзонлашди ва сўнгги тўрт ойдаги энг катта ҳафталик йўқотишни қайд этиши мумкин.

23 октябрь куни халқаро бозорда олтин нархи кескин пасайишда давом этди. Reuters маълумотларига кўра, савдолар давомида бир трой унцияси (31,1 грамм) олтиннинг нархи 3 975,23 долларгача тушган. Кейинчалик нарх қисман тикланиб, 4 000,59 доллар атрофида шаклланган.
Олтиннинг арзонлашишига жаҳон бозорида нефть нархининг кўтарилиши ва АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкаларини юқори даражада сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Саудия Арабистонидаги ҳусийлар ҳужумлари ортидан энергия таъминотида узилишлар юз бериши хавфи кучайди. Натижада Brent маркали нефть нархи беш ойдан ортиқ даврдаги энг юқори даражага чиқди.
Жонли олтин нархи билан қуйида танишишингиз мумкин:
Нефтнинг қимматлашиши инфляция босимини кучайтириши мумкин. Бу эса ФЗТ томонидан пул-кредит сиёсатини юмшатиш имкониятини чеклайди. Юқори фоиз ставкалари одатда фоиз даромади келтирмайдиган олтиннинг инвестицион жозибадорлигини пасайтиради.
Бозор иштирокчилари ФЗТ 27–28 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш эҳтимолини 92 фоизга баҳоламоқда. Декабрь ойида ставка оширилиши эҳтимоли эса 83 фоизга етган.
Бундан ташқари, АҚШ технология компаниялари акцияларининг арзонлашиши ҳам олтин бозорига босим ўтказмоқда. Айрим инвесторлар фонд бозоридаги йўқотишларини қоплаш учун олтин ва кумуш активларини сотишга мажбур бўлмоқда.
Олтин билан бир қаторда бошқа қимматбаҳо металлар ҳам арзонлашди. Жумладан, кумуш нархи 0,7 фоизга пасайиб, бир унция учун 54,17 долларни ташкил этди. Платина ва палладий нархларида ҳам пасайиш кузатилди.









