“Олдимизда катта ва муҳим вазифалар турибди” — Саида Мирзиёева YouTube монетизацияси ҳақида
Саида Мирзиёева Google вице-президенти Каран Бҳатия билан Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди.
Президент Администрацияси раҳбарининг таъкидлашича, шахсга доир маълумотлар ва рақамли тўловлар бўйича қонунчилик такомиллаштирилгани халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очмоқда.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШга ташрифи доирасида Google витсе-президенти Каран Бҳатия билан учрашди. Музокараларда Ўзбекистонда YouTube монетизациясини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Мирзиёеванинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилди.
“Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда”, — деди у.

Саида Мирзиёева Google билан бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорлик қилиш имконияти борлигини қайд этди.
“Компания билан жуда кўп йўналишда ҳамкорлик қилиш имконияти бор. Олдимизда эса катта ва муҳим вазифалар турибди”, — дейилади унинг постида.

YouTube’нинг ҳамкорлик дастури ҳозир 108 та давлатда ишлайди. Марказий Осиёда эса монетизация фақат Қозоғистондаги контент яратувчилар учун мавжуд.
Ўзбекистонда YouTube монетизациясини очиш масаласи камида 2023 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Ўша йили Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов бу мавзуни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник билан учрашувда ҳам кўтарган эди.

2026 йил март ойида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, маълумотларни Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда телекоммуникация операторлари абонентларига оид маълумотлар учун сақлаб қолинди.

Бошқа шахсга доир маълумотларни тегишли ҳимоя талаблари бажарилган тақдирда хорижда сақлаш ва қайта ишлашга рухсат берилди. Июль ойида ҳукумат бундай талабларга жавоб берадиган 49 та давлат ва ҳудуд рўйхатини тасдиқлади. Улар орасида АҚШ, Канада, Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари ва Япония ҳам бор.
Ҳозирча YouTube монетизацияси Ўзбекистонда қачон ишга туширилиши ва контент яратувчиларга тўловлар қайси тизим орқали амалга оширилиши маълум қилинмаган.









