12 088.980 so‘m

increase

23.490

13 801.990 so‘m

increase

47.330

154.470 so‘m

decrease

-1.190

12 088.980 so‘m

increase

23.490

4 соат аввал
Банк
106

Octobank 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигини молиявий ўсиш, янги имкониятлар ва халқаро эътирофлар билан якунлади

2026 йилнинг дастлабки олти ойи Octobank учун молиявий кўрсаткичларнинг ўсиши, маҳсулотлар қаторининг кенгайиши, янги халқаро ҳамкорликларнинг йўлга қўйилиши ва нуфузли эътирофлар билан аҳамиятли бўлди. Банк ўз фаолиятида мижозлар эҳтиёжларини чуқурроқ ўрганиш, уларга янада яқин бўлиш ва замонавий молиявий ечимларни таклиф этишга алоҳида эътибор қаратди.

Octobank 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигини молиявий ўсиш, янги имкониятлар ва халқаро эътирофлар билан якунлади

Молиявий кўрсаткичлар

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Octobank’нинг асосий молиявий кўрсаткичларида сезиларли ўсиш қайд этилди.

Банк активлари 16,52 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 231,93 фоизга ўсди.

Мажбуриятлар ҳажми 4,05 трлн сўмдан 15,32 трлн сўмга етиб, 278,26 фоизга ошди.

Банкнинг хусусий капитали 1,20 трлн сўмни, шу жумладан устав капитали 500 млрд сўмни ташкил этди.

Кредит портфели ҳажми 392,8 млрд сўмдан 609,4 млрд сўмга етиб, 55,15 фоизга ўсди.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида банкнинг соф фойдаси 170,6 млрд сўмни, соф фоиз даромади эса 224,6 млрд сўмни ташкил этди.

Банкнинг мижозлар базаси 3,66 миллион кишидан ошди. Шу билан бирга, банк жамоаси ҳам кенгайиб, ходимлар сони 379 нафардан 471 нафарга етди.

Мижозлар учун янги маҳсулотлар ва имкониятлар

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Octobank мижозлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, молиявий маҳсулотлар ва хизматлар қаторини кенгайтирди.

Бизнес учун инвестиция мақсадлари, айланма маблағларни тўлдириш ва транспорт воситаларини харид қилишга мўлжалланган “Octo-Invest”, “Octo-Oborot” ва “Octo-Avto” кредит маҳсулотлари, жисмоний шахслар учун эса “Автокредит 2.0” тақдим этилди.

Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари имкониятлари кенгайтирилиб, Kaspi.kz орқали Қозоғистондан HUMO ва UZCARD карталарига, E9PAY орқали эса Жанубий Кореядан HUMO ва UZCARD карталарига тўғридан-тўғри пул ўтказмалари йўлга қўйилди.

Корреспондент ҳисобварақларини очиш

2026 йилнинг биринчи ярмида Octobank халқаро корреспондентлик тармоғини янада кенгайтириб, қуйидаги банкларда янги корреспондент ҳисобварақларини очди:

  • DBS Bank (Сингапур) — АҚШ доллари (USD) ва Хитой юани (CNH);
  • ICBC London — Хитой юани (CNH);
  • Yes Bank (Ҳиндистон) — Ҳиндистон рупияси (INR);
  • Bank of Asia (Қирғизистон) — Қирғиз сўми (KGS);
  • Sohar International Bank (Уммон) — Уммон риали (OMR).

Халқаро корреспондентлик тармоғини кенгайтириш орқали Octobank халқаро тўлов хизматлари сифатини изчил ошириб бормоқда. Бу эса мижозларга хориждаги ҳамкорлари билан тезкор, қулай ва ишончли ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини беради.

Халқаро эътироф ва юқори баҳолар

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Octobank фаолияти қатор нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар томонидан юқори баҳоланди.

Global Banking & Finance Awards 2026 талқинига кўра, Octobank бирданига икки йўналишда — “Best Digital Bank Uzbekistan 2026” ва “Best Bank for Treasury Activities Uzbekistan 2026” номинацияларида ғолиб деб топилди.

Ушбу эътирофлар банкнинг рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро молиявий имкониятларни кенгайтириш борасидаги фаолиятига берилган юқори баҳо бўлди.

Octobank мижозларга йўналтирилган ечимларни ривожлантириш, бизнес ўсишини қўллаб-қувватлаш ва рақамли молиявий экотизимга қўшган ҳиссаси учун Global Recognition Award 2026 мукофотига ҳам сазовор бўлди.

Мукофот учун ҳар йили дунё бўйлаб 15 мингга яқин ариза келиб тушади ва иштирокчиларнинг атиги 5,8 фоизи эътирофга лойиқ деб топилади. Баҳолаш натижаларига кўра, Octobank энг юқори — 5 баллни қўлга киритиб, “жаҳон даражасидаги” натижани қайд этди.

Банкнинг технологик ривожланиш йўлидаги фаолияти Banking Fusion Uzbekistan 2026 халқаро форуми доирасида ҳам эътироф этилди. Octobank банк секторида инновацияларни ривожлантириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қўшган ҳиссаси учун Strategic Banking Innovation 2026 мукофотига сазовор бўлди.

Шунингдек, “Ахбор-Рейтинг” агентлиги 2025 йил якунлари бўйича Octobankнинг кредит рейтингини “Барқарор” прогнози билан “uzA++” даражасига кўтарди. Рейтинг банкнинг юқори кредитга лаёқатлилиги, молиявий барқарорлиги ва ўз мажбуриятларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажариш салоҳиятини акс эттиради.

Мулоқот, ҳамкорлик ва янги ғоялар майдони

Octobank учун мижозларга яқин бўлиш нафақат янги маҳсулотларни яратиш, балки улар билан бевосита мулоқот қилиш, замонавий тенденцияларни кузатиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ғояларни қўллаб-қувватлашни ҳам англатади.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида банк халқаро бизнес алоқаларини ривожлантириш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга қаратилган қатор учрашув ва тадбирларда фаол иштирок этди.

Хитойнинг 14 та етакчи компанияси вакилларидан иборат ШҲТ компаниялари делегацияси ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги учрашувлар доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилган саккизта йўналиш тақдим этилди. Octobank узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор меморандумларни имзолади.

16–18 июнь кунлари банк 102 мамлакатдан 9 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди.

Форум доирасида Proparco, StoneX, Nuqi Wealth ва Priorbank каби халқаро молия институтлари ва компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари, молия секторини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди ва тажриба алмашилди.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи ярмида Octobank вакиллари қатор нуфузли халқаро молиявий форумларда, жумладан, Tashkent International Investment Forum (TIIF), City Week (Лондон) ҳамда Осиё тараққиёт банки (ADB) форумида иштирок этиб, банкни халқаро ҳамкорлар олдида муносиб намоён қилди ва унинг глобал молия бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.

Ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича банк StoneX Financial Ltd (Лондон) билан ҳамкорлик тўғрисида бош келишувни имзолади ҳамда Euroclear тизимида кастодиал ҳисобварақ очиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Шунингдек, Intesa Sanpaolo ва Bendura Bank билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ташаббуси бошланди.

Шу билан бирга, Octobank 19–20 май кунлари ўтказилган ва минтақанинг энг йирик финтех платформаларидан бири ҳисобланган PLUS Forum Digital Uzbekistan 2026 да титул ҳомий сифатида иштирок этди.

Банк 23–24 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистондаги биринчи шаҳар криптофестивали — Bitcoin Pizza Fest, 20–22 март кунлари “Наврўз” этнопаркида 20 мингдан ортиқ меҳмонни бирлаштирган “Наврўз — 3 карра мазалироқ!” фестивали ҳамда 27–28 июнь кунлари пойтахт аҳолисини бир майдонда жамлаган Summer Fest 2026 ёзги фестивалини қўллаб-қувватлади.

Octobank жамиятнинг турли қатламларига яқин бўлиш ва улар билан бевосита мулоқотни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан банк Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан биргаликда аёлларга 1 000 дона гул улашиб, уларни байрам билан табриклади.

Бундай лойиҳаларда иштирок этиш Octobank учун мижозлар ва жамият билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш ҳамда замонавий технологиялар ва янги имкониятларни кундалик ҳаётга янада яқинлаштириш воситасидир.

Global Money Week доирасида эса банк мактаб ўқувчиларига молиявий саводхонликнинг асосий тамойиллари, маблағларни оқилона жамғариш, инвестиция қилиш ва тўғри сарфлаш бўйича билимлар улашди.

Octobank — 25 йиллик ривожланиш ва янги имкониятлар сари

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Octobank учун энг муҳим воқеалардан бири банк ташкил этилганининг 25 йиллиги бўлди. 23 июнь куни Octobank ўз фаолиятининг чорак асрлик маррасини қарши олди. Ушбу муҳим сана банкнинг кўп йиллик ривожланиш йўли, изчил ўсиши ва трансформациясини ўзида акс эттиради.

Чорак аср давомида Octobank молиявий институтдан мамлакат рақамли банк экотизимининг фаол иштирокчиларидан бирига айланди. Бу йўлда банкнинг энг катта қадрияти ва ютуғи унинг мижозлари, ҳамкорлари ва жамоаси бўлиб қолмоқда.

Octobank ўзининг 25 йиллик юбилейи муносабати билан банк тарихидаги муҳим санани акс эттирувчи махсус коллекцион олтин эсдалик тангаларни тақдим этди. Улар банкнинг ишончли ҳамкорлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига эсдалик совғаси сифатида топширилди.

Ундан ташқари, Octobank ушбу муҳим санани анъанавий тантанали тадбирлар билан эмас, балки жамият учун аҳамиятли ташаббус билан нишонлашга қарор қилди.

SOS Ўзбекистон Болалар Маҳаллалари уюшмаси дастурлари иштирокчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ёшлар, шунингдек, янги оилаларда тарбияланаётган болалар учун Ислом цивилизацияси марказига маърифий ва маданий саёҳат ташкил этилди.

Бундан ташқари, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болалар уйи тарбияланувчилари учун истироҳат боғида байрам ташкил этилди.

Octobank учун ёш авлодни қўллаб-қувватлаш бир марталик хайрия ташаббуси эмас, балки келажак авлоднинг билимли, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишига ҳисса қўшишга қаратилган узоқ муддатли ижтимоий масъулиятнинг муҳим қисмидир. Банк ўз фаолияти орқали жамият тараққиёти, аввало, инсон капиталига киритилган инвестициялардан бошланишига ишонади.

Муқаддас Рамазон ҳайити кунларида Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази беморлари учун хайрия ташаббуси амалга оширилди. Май ойида эса марказга замонавий электрокардиограф ва қон босимини назорат қилиш тизими топширилди. Ушбу ускуналар шифокорларга кичик беморларга янада аниқ ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини ошириш имконини беради.

Бундан ташқари, даволанаётган болаларнинг руҳий ҳолатини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ота-оналарига маънавий далда бериш мақсадида 300 дона планшет совға қилинди.

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан эса Octobank кундалик ҳаётда ўз меҳнати, матонати ва шижоати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган аёлларга бағишланган махсус ижтимоий лойиҳани амалга оширди. Лойиҳа доирасида қаҳрамонларга кир ювиш машиналари ва эсдалик совғалари топширилди, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолиятига тўсқинлик қилаётган айрим техник муаммоларни бартараф этишга кўмаклашилди.

Octobank учун ижтимоий лойиҳалар — бу нафақат ёрдам кўрсатиш, балки инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ижобий ўзгаришларни яратишга қаратилган узоқ муддатли ёндашувнинг ажралмас қисмидир.

Барқарор ривожланиш ва жамият олдидаги масъулият

2026 йилда Octobank бизнес натижаларини барқарор ривожланиш, ESG тамойиллари ва жамият олдидаги масъулият билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

Банк учун ESG — бу нафақат стратегик йўналиш, балки ресурслардан масъулиятли фойдаланиш, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ва жамият учун узоқ муддатли қиймат яратишга қаратилган амалий ёндашувдир.

PLUS Forum Digital Uzbekistan 2026 доирасида Octobank ESG тамойилларига мувофиқ ресурслардан самарали фойдаланиш амалиётини давом эттириб, учинчи бор мавжуд кўргазма стендидан фойдаланди. Мазкур ёндашув ресурслардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, қўшимча имкониятларни жамият учун муҳим ташаббусларга йўналтириш имконини яратди.

Octobank учун молиявий саводхонлик нафақат маблағларни бошқариш, балки устуворликларни тўғри белгилашни ҳам англатади. Шу жиҳатдан, ресурслардан масъулиятли фойдаланиш натижасида тежалган маблағларни жамият манфаатига хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтириш банкнинг ESG тамойилларига содиқлигининг амалий ифодасидир.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган натижалар Octobankнинг молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, замонавий маҳсулотларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва жамият учун янги имкониятлар яратишга қаратилган стратегиясини изчил амалга ошираётганини кўрсатади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+