Обиджон Норқулов “Ҳаёт Банк” бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди
Обиджон Норқулов “Ҳаёт Банк” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У аввал Asia Alliance Bank бошқарув раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Норқулов Обиджон Одилович “Ҳаёт Банк” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда банк Кузатув кенгашининг тегишли баённомасида маълум қилинган.
Йиғилиш кун тартибидаги масала сифатида Норқулов Обиджон Одилович номзодини “Ҳаёт Банк” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Кузатув кенгаши аъзолари ушбу қарорни бир овоздан маъқуллади.
Норқулов мазкур лавозимдаги фаолиятини Марказий банк билан келишув жараёнлари якунлангандан сўнг бошлайди.
Маълумот учун, Обиджон Норқулов 1984 йилда туғилган. У 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини “Иқтисодиёт” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини 2005 йилда банк тизимида бошлаган. 20 йилдан ортиқ фаолияти давомида бир қатор тижорат банкларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Обиджон Норқулов 2018 йилдан Asia Alliance Bank бошқарув раиси ўринбосари, 2023 йилдан эса бошқарув раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2026 йил 30 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда у ушбу лавозимдан озод этилган эди.









