Нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш фонида уй-жой харидлари рекорд даражага чиқди
Март ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари кескин ошиб, 43,6 мингтага етди. Бу февраль ойига нисбатан 47 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб икки баробарга кўпдир. Тошкент шаҳрида ижара нархи ўртача 8,9 долларни, марказий туманларда эса 11 долларни ташкил этди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026-йил март ойи якунлари бўйича кўчмас мулк бозоридаги асосий тенденсияларни таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, март ойида республика бўйича 43,6 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич февраль ойига нисбатан 13,9 мингтага ёки 47 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб 2 баробарга ошган.
Мутахассислар бундай кескин ўсишни апрель ойидан бошлаб нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимига ўтилиши билан изоҳламоқда. Мазкур ўзгариш айрим харидорларни уй-жой харидини олдиндан амалга оширишга ундаган бўлиши мумкин.
Ҳудудлар кесимида
Март ойида барча ҳудудларда уй-жой бозорида фаоллик ошгани кузатилди. Энг юқори ўсиш Жиззах (73%), Сирдарё (65%) ва Наманган (63%) вилоятларида қайд этилган.
Жами битимларнинг қарийб 34 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда бир ой давомида савдо ҳажми 44 фоизга ошиб, 12,8 мингга яқин битим тузилган.
Иккиламчи бозор
Март ойида уй-жой нархлари ойлик ҳисобда 0,4 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Сирдарё (22%), Самарқанд (19%) ва Андижон (18%) вилоятларида кузатилган.
Тошкент шаҳрида уй-жой бозори
Пойтахтда нархлар сегментлар кесимида турлича шаклланди. Иккиламчи бозорда ўсиш суръати секинлашган бўлса, янги уй-жойлар сегментида нархлар анча тез ўсди.

Йиллик ҳисобда иккиламчи бозорда бир квадрат метр нархи ўртача 5 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Миробод (7,3%), Мирзо Улуғбек (7,2%) ва Чилонзор (6,9%) туманларида қайд этилган.
Янги уйлар бозорида эса ўсиш янада юқори бўлиб, ўтган йилнинг мартига нисбатан нархлар ўртача 8,8 фоизга ошган. Энг юқори кўрсаткичлар Мирзо Улуғбек (15,5%), Миробод (15%) ва Юнусобод (14,6%) туманларида кузатилган.
Пойтахтда ижара бозори
Март ойида Тошкент шаҳрида ижара нархи ўртача ҳар квадрат метр учун 8,9 долларни ташкил этди. Бу февраль ойига нисбатан 2,7 фоизга, ўтган йилга нисбатан эса 10,8 фоизга юқори.

Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланиб қолмоқда — ушбу ҳудудларда ўртача нарх 11 доллар атрофида.
Йиллик ўсиш суръати бўйича етакчилик Яшнобод туманига тўғри келиб, бу ерда ижара нархлари 18,9 фоизга ошган. Шунингдек, Мирзо Улуғбек (14,3%) ва Яккасарой (12,5%) туманларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.









