12 024.400 so‘m

increase

7.360

13 642.880 so‘m

decrease

-69.760

160.410 so‘m

decrease

-0.220

12 024.400 so‘m

increase

7.360

55

Moody’s Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини даражасини оширди

Moody’s Ratings Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини Ba3’дан Ba2’га кўтарди. Агентлик бунга иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги, бюджет интизомининг кучайиши ва давлат бошқарувидаги ислоҳотларни асосий сабаб сифатида кўрсатди. Рейтинг прогнози “ижобий”дан “барқарор”га ўзгартирилди.

Moody’s Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини даражасини оширди
Фото: AI/Pinkod.uz

Moody’s Ўзбекистоннинг узоқ муддатли эмитент ва таъминланмаган қарз мажбуриятлари рейтингини Ba3’дан Ba2’га, ўрта муддатли облигациялар дастурлари рейтингини эса Ba3дан Ba2га оширди.

Шунингдек, маҳаллий валютадаги мамлакат рейтинги чегараси Ba1’дан Baa3’га, хорижий валютадаги чегара Ba3’дан Ba2’га кўтарилди. 

Агентлик қарорини Ўзбекистонда институционал ва иқтисодий сиёсат самарадорлигининг ошиши, иқтисодиётнинг ташқи зарбаларга бардошлилиги кучайиши ҳамда фискал кўрсаткичларнинг яхшиланиши билан изоҳлади.

Moody’sга кўра, давлат бошқаруви, рақобат муҳити ва корпоратив бошқарувни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг кредит профилини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг хизматлар, саноат ва қурилиш ҳисобига диверсификацияланаётгани олтин ва хомашё бозорига боғлиқликни босқичма-босқич камайтирмоқда.

Иқтисодий ўсиш юқори даражада сақланмоқда

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсди. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса ўсиш суръати йиллик ҳисобда 8,7 фоизни ташкил этди.

Moody’s 2026–2027 йилларда иқтисодий ўсиш 6,1–6,3 фоизгача секинлашишини кутмоқда. Шунга қарамай, бу агентлик рейтинг берадиган мамлакатлар орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб қолади.

Ўсишни таркибий ислоҳотлар, қулай демографик вазият, хорижий инвестициялар ва инвесторлар географиясининг кенгайиши қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистонга Хитой, Россия, Туркия, Форс кўрфази давлатлари ва Европа Иттифоқидан инвестициялар кириб келмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари 27 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 18,9 млрд долларга етди.

Бюджет тақчиллиги икки баравар қисқарди

Moody’s фискал интизомнинг кучайишини рейтинг оширилишининг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этди.

Давлат бюджети тақчиллиги 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизидан юқори бўлган бўлса, 2025 йилда қарийб 2 фоизгача қисқарди.

Бунга энергетика субсидияларини камайтириш, электр энергияси ва газ тарифларини босқичма-босқич бозор нархларига яқинлаштириш ҳамда ижтимоий ёрдамни аниқроқ йўналтириш ҳисобига эришилган.

Хусусан, газ соҳасига ажратиладиган субсидиялар ЯИМнинг 1,4 фоизидан 0,3 фоизигача камайган. Электр энергияси ва газ тарифларини 2027–2028 йилларга бориб харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага етказиш режалаштирилган.

Агентлик 2026–2028 йилларда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоизидан паст бўлишини, давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан қарийб 35 фоиз атрофида барқарорлашишини прогноз қилмоқда.

UzNIF жойлаштирилиши инвесторлар ишончи белгиси сифатида баҳоланди

Moody’s Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF акцияларининг 2026 йил май ойида икки фонд биржасига чиқарилишини ҳам алоҳида қайд этди.

Жойлаштириш натижасида қарийб 691 млн доллар жалб қилинди. Агентлик ушбу битимни давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва йирик давлат корхоналарига хусусий инвесторларни жалб қилишга тайёрлигини кўрсатувчи омил сифатида баҳолади.

Энергетика ва газ бозорларини либераллаштириш, мустақил тартибга солувчи органларни ташкил этиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва коррупцияга қарши тизимларни кучайтириш ҳам рейтингга ижобий таъсир қилган.

Давлат корхоналари ва банклар билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолмоқда

Moody’s рейтинг прогнозини «барқарор» деб белгилади. Бу Ўзбекистоннинг кредит профилига таъсир қилувчи ижобий имкониятлар ва салбий хавфлар ҳозирча мувозанатда эканини англатади.

Агентлик давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари билан боғлиқ шартли мажбуриятларни асосий фискал хавфлардан бири сифатида кўрсатди. Уларнинг умумий ҳажми ЯИМнинг қарийб 25 фоизига тенг деб баҳоланмоқда.

Давлат банкларининг молия тизимидаги устун мавқеи ҳам хавф омили бўлиб қолмоқда. Давлат сиёсати доирасида ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши 2020 йилдаги 39 фоиздан 2025 йил якунида 19,2 фоизгача камайган.

Бироқ давлат банкларини реструктуризация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнида муаммоли активлар аниқланиши ёки банкларга қўшимча капитал киритиш зарурати юзага келиши мумкин. Бу эса давлат бюджети учун қўшимча мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Рейтинг қачон яна оширилиши мумкин?

Moody’sга кўра, ислоҳотларнинг бошқарув сифати ва давлат институтлари самарадорлигида барқарор натижа бериши Ўзбекистон рейтингининг яна оширилишига олиб келиши мумкин.

Бунинг учун давлат корхоналари ва банклари билан боғлиқ фискал хавфлар камайиши, рақобат муҳити яхшиланиши, хусусий сектор инвестициялари кўпайиши ва пул-кредит сиёсати самарадорлиги мустаҳкамланиши керак.

Аксинча, ислоҳотларнинг секинлашиши ёки ортга қайтиши, давлат корхоналари, банклар ва ДХШ лойиҳаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг кескин ошиши, шунингдек, ташқи захираларнинг камайиши рейтинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.


Аввалроқ Fitch Ratings Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича прогнозини яхшилаган эди

Агентлик мамлакатнинг узоқ муддатли хорижий валютадаги эмитент дефолт рейтингини “BB” даражасида сақлаб қолди, бироқ прогнозни “Stable”дан “Positive”га кўтарди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+