12 004.480 so‘m

increase

32.840

13 155.710 so‘m

decrease

-4.710

146.560 so‘m

increase

0.230

12 004.480 so‘m

increase

32.840

Якин 3 соат ичида
Банк
39

Мўғулистоннинг Bogd Bank’и Ўзбекистон микроқарз бозорига кирмоқчи

Мўғулистоннинг Bogd Bank банки Ўзбекистон ва Қозоғистонда рақамли микроқарз хизматларини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганмоқда. Банкнинг бош компанияси АҚШ фонд бозоридаги IPO орқали 37,5 млн долларгача маблағ жалб қилишни режалаштирган бўлиб, тушумнинг бир қисмини Марказий Осиёда кредитлаш фаолиятини кенгайтиришга йўналтирмоқчи.

Мўғулистоннинг Bogd Bank’и Ўзбекистон микроқарз бозорига кирмоқчи

Мўғулистоннинг Bogd Bank банки Ўзбекистон микроқарз бозорига киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда банкнинг бош компанияси Bogd FT Limited томонидан АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) 6 ноябрь куни тақдим этилган IPO проспектининг янгиланган версиясида маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, компания халқаро фаолиятини кенгайтириш учун дастлаб Марказий Осиё бозорларини ўрганмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли кредитлаш хизматларини ривожлантириш учун истиқболли мамлакатлар сифатида белгиланган.

Bogd Bank ушбу бозорларда анъанавий банк филиалларини ташкил этмасдан, микроқарзлар ва рақамли истеъмол кредитларини таклиф қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Режа кредит аризаларини онлайн қабул қилиш, автоматлаштирилган скоринг тизимларини яратиш ва маҳаллий ҳамкорлар орқали хизматларни ривожлантиришни назарда тутади.

Компания маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистонда молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси ҳамда рақамли кредитларга талабнинг ўсиши ушбу бозорларга кириш учун имконият яратиши мумкин.

Бироқ банк ҳозирча Мўғулистондан ташқарида фаолият юритмайди. Халқаро кенгайиш тегишли давлатларнинг тартибга солувчи органлари рухсатига, бозор шароитларига ва компаниянинг молиявий имкониятларига боғлиқ.

АҚШ фонд бозоридан 37,5 млн долларгача жалб қилмоқчи

Bogd Bank’нинг бош компанияси Bogd FT Limited АҚШнинг NYSE American биржасида акцияларини оммавий жойлаштиришга тайёрланмоқда.

Компания IPO доирасида 6,25 млн дона акцияни ҳар бирини 4–6 доллардан таклиф қилишни режалаштирган. Шу тариқа, жойлаштиришнинг ялпи ҳажми 25 млн доллардан 37,5 млн долларгача етиши мумкин.

Акциялар учун BOGD савдо белгиси танланган. Бироқ биржада листингдан ўтиш бўйича ариза ҳали тасдиқланмаган ва IPO’нинг якунланиши кафолатланмаган.

Проспектга кўра, акциялар энг паст нархда жойлаштирилган тақдирда, компания харажатлар чегирилгач тахминан 21,7 млн доллар соф тушум олиши кутилмоқда.

Ушбу маблағнинг 70 фоизи ёки 15,2 млн доллари Мўғулистон ва Марказий Осиёдаги кредитлаш фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилиши режалаштирилган. Компания унинг салмоқли қисмини айнан Ўзбекистон ва Қозоғистонда микроқарз ҳамда рақамли кредитлаш хизматларини ривожлантиришга сарфлаш ниятида.

Қолган маблағнинг 20 фоизи ёки 4,3 млн доллари технологик инфратузилмага, 10 фоизи ёки 2,2 млн доллари эса янги савдо каналлари ва хизматларни кенгайтиришга ажратилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон бозорига киритилиши мумкин бўлган инвестициянинг аниқ миқдори очиқланмаган.

Bogd Bank қандай банк?

Bogd Bank 2014 йилда Мўғулистонда ташкил этилган бўлиб, жисмоний шахслар ва корпоратив мижозларга банк хизматларини кўрсатади. Банкнинг асосий йўналишлари истеъмол кредитлари, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, депозитлар ва рақамли тўлов хизматларидан иборат.

2026 йил 30 июнь ҳолатига банкнинг жами активлари 1,39 трлн мўғул тугригини ёки тахминан 390 млн долларни ташкил этган. Мижозларга ажратилган кредитларнинг баланс қиймати эса 187,2 млн долларга етган.

Банк 2025 йилни 50,1 млрд тугрик соф фойда билан якунлаган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 21,24 млрд тугрик ёки қарийб 5,9 млн доллар соф фойда олган.

Июнь ойи якунида Bogd Bank Мўғулистонда 17 та филиал ва 8 та банкоматга эга бўлган.

Банк 2017 йилда мижозларни масофадан туриб рўйхатдан ўтказишни йўлга қўйганини билдиради. Ҳозирда унинг рақамли платформалари орқали ҳисобварақларни бошқариш, депозит очиш, тўловларни амалга ошириш ва айрим кредит маҳсулотларига ариза топшириш мумкин.

Компания халқаро бозорларда ҳам айнан ушбу рақамли банк хизматлари тажрибасидан фойдаланишни кўзламоқда.


Аввалроқ Pinkod Beeline Uzbekistan’нинг бош компанияси VEON ҳам Ўзбекистонда янги банк ташкил этиш ёки мавжуд банклардан бирини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Компания мамлакатда Beepul тўлов хизмати негизида банк хизматларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+