Миллий валютадаги кредитлар бўйича ставкалар апрель ойида бироз пасайди
2026 йил апрелида миллий валютадаги жами кредитлар бўйича ўртача ставка 19,7 фоизни ташкил этди.
Тижорат кредитлари ставкаси мартдаги 22,3 фоиздан 22 фоизга, имтиёзли кредитлар эса 10,5 фоиздан 9,3 фоизга тушди.
Шу билан бирга, аҳолига ажратилган кредитлар бир йил ичида 22,2 фоиздан 20,4 фоизгача пасайган бўлса, бизнес кредитлари 18,1 фоиздан 19,4 фоизга ошган.

2026 йил апрель ойида банклар томонидан миллий валютада ажратилган жами кредитлар бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 19,8 фоиз бўлган.
Марказий банк маълумотларига кўра, апрель ойида миллий валютадаги тижорат кредитлари бўйича ставка 22 фоизгача пасайди. Бир ой аввал бу кўрсаткич 22,3 фоиз, 2025 йил апрелида эса 22,6 фоиз эди.
Энг сезиларли пасайиш имтиёзли кредитларда кузатилди. Улар бўйича ўртача ставка март ойидаги 10,5 фоиздан апрель ойида 9,3 фоизга тушди.
Жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача ставка 20,4 фоизни ташкил қилди. Бу март ойидаги 20,7 фоиздан, шунингдек, 2025 йил апрелидаги 22,2 фоиздан паст.
Аҳоли кредитлари таркибида қисқа муддатли қарзлар нисбатан қимматлигича қолмоқда. Хусусан, 1 йилгача бўлган кредитлар бўйича ставка 25,6 фоизни ташкил этди. 1 йилдан юқори муддатли кредитлар бўйича эса ставка 20,3 фоиз бўлди.
Юридик шахсларга ажратилган миллий валютадаги кредитлар бўйича ставка апрель ойида 19,4 фоизни ташкил этди. Бу март ойидаги 19,3 фоизга яқин, бироқ 2025 йил апрелидаги 18,1 фоиздан юқори.
Бизнес учун тижорат кредитлари бўйича ставка эса 22,6 фоиз даражасида сақланмоқда. Шу сабабли умумий кўрсаткичдаги пасайиш асосан имтиёзли кредитлар ҳисобига юмшатилган бўлиши мумкин.
Реал ҳисобда эса кредитлар ҳали ҳам қимматлигича қолмоқда. Апрель ойида жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича реал ставка 8,8 фоизни, юридик шахслар бўйича эса 8,2 фоизни ташкил этди. Тижорат кредитлари кесимида бу кўрсаткич аҳолида 9,7 фоиз, бизнесда эса 11,1 фоизга етган.
Чет эл валютасида ажратилган кредитлар бўйича ўртача ставка апрель ойида 10,2 фоизни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 9,9 фоиз, 2025 йил апрелида эса 9,9 фоиз бўлган.
Умуман олганда, апрель ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича номинал ставкаларда бироз пасайиш кузатилди. Бироқ реал ставкаларнинг юқори сақланиб қолаётгани кредит олиш харажати бизнес ва аҳоли учун ҳали ҳам сезиларли юк бўлиб қолаётганини кўрсатади.









