Микроқарз, автокредит ва ипотека: қайси банкларда фоиз ставкалари энг паст?
Микрокредитбанкда микроқарзлар бўйича ўртача ставка 21,6 фоизни ташкил этган бўлса, TBC Bankда 42,7 фоизга етган.
Автокредитларда энг паст кўрсаткич Асакабанкда, ипотекада эса Октобанкда қайд этилган бўлиб, ҳар иккисида 18 фоизни ташкил этган.
Банклар кесимида кредит турлари бўйича фоиз ставкалари ҳақида батафсил:

Микроқарз, автокредит ва ипотека: қайси банкларда фоиз ставкалари энг паст?
Микроқарзлар бўйича энг паст ўртача фоиз ставкаси Микрокредитбанкда, автокредитларда Асакабанкда, ипотекада эса Октобанкда қайд этилди. Мазкур йўналишларда ўртача ставкалар мос равишда 28 фоиз, 21,2 фоиз ва 21,8 фоизни ташкил этган. Бизнес учун асосий воситалар хариди ва айланма маблағларни тўлдириш кредитларида эса бу кўрсаткич бир хил — 22,7 фоиз бўлган.
Марказий банк 2026 йил 12 октябрь ҳолатига банклар кесимида кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди. Маълумотлар сўнгги 10 иш кунини қамраб олади.
Микроқарзлар
Микроқарзлар бўйича энг паст ўртача ставка Микрокредитбанкда — 21,6 фоизни ташкил этган. Бу умумий ўртача кўрсаткичдан 6,4 фоиз пункт паст.

Нисбатан паст ставкалар қуйидаги банкларда ҳам қайд этилган:
- Инфинбанк — 24 фоиз;
- Трастбанк — 24,3 фоиз;
- Азия Альянс банк — 24,4 фоиз;
- Агробанк — 24,8 фоиз;
- Миллий банк — 24,9 фоиз.
Энг юқори ўртача ставка эса ТБC банкда — 42,7 фоиз бўлган. Шунингдек, АВО банкда 39,9 фоиз, Узум банкда 38 фоиз, Ипак йўли банкда 36,4 фоиз ва Тенге банкда 35,4 фоизлик кўрсаткич қайд этилган.
Шу тариқа, микроқарзлар бўйича энг паст ва энг юқори ставка ўртасидаги фарқ 21,1 фоиз пунктни ташкил этган.
Автокредитлар
Автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,2 фоиз бўлган. Энг паст кўрсаткичлар қуйидаги банклар ҳиссасига тўғри келган:
- Асакабанк — 18 фоиз;
- Алоқабанк — 18,7 фоиз;
- Ипотека-банк — 18,7 фоиз;
- Апекс банк — 19,5 фоиз;
- Миллий банк — 20,6 фоиз.

Аксинча, Даврбанкда ўртача ставка 25,3 фоизни ташкил этган. Гарант банкда 24,5 фоиз, Агробанкда 24,2 фоиз ва Микрокредитбанкда 24,1 фоизлик кўрсаткич қайд этилган.
Марказий банк изоҳига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликдаги дастурлар ва бошланғич бадалга боғлиқ шартлар ўртача ставкаларга таъсир қилади. Шу сабабли улар банкларнинг алоҳида маҳсулотлар бўйича эълон қилган ставкаларидан фарқланиши мумкин.
Ипотека кредитлари
Ипотека бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,8 фоизни ташкил этган. Энг паст кўрсаткич Октобанкда — 18 фоиз даражасида қайд этилган.
Кейинги ўринларда қуйидаги банклар жойлашган:
- Миллий банк — 20,6 фоиз;
- Бизнесни ривожлантириш банки — 20,7 фоиз;
- ОФБ — 21 фоиз;
- СҚБ — 21 фоиз;
- Асакабанк — 21,4 фоиз.

Энг юқори ўртача ставка Азия Альянс банкда — 26 фоиз бўлган. Апекс банкда бу кўрсаткич 25 фоиз, Туронбанк ва Ипак йўли банкда 24,1 фоизни ташкил этган.
Мазкур статистика банкларнинг ўз маблағлари ҳамда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан иккиламчи бозор учун ажратилган ипотека кредитларини қамраб олади.
Асосий воситалар хариди учун кредитлар
Юридик шахсларга бино, ускуна ёки транспорт хариди учун ажратилган кредитларда ўртача ставка 22,7 фоиз бўлган.
Энг паст кўрсаткичлар Инфинбанк — 20,2 фоиз, Агробанк — 20,4 фоиз ва Бизнесни ривожлантириш банкида — 20,6 фоиз даражасида қайд этилган.

Энг юқори ўртача ставка эса Анорбанкда — 28 фоизни ташкил этган. Туронбанкда 26,2 фоиз, Гарант банк, Пойтахт банк ва Универсалбанкда 26 фоизлик кўрсаткич кузатилган.
Айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар
Ушбу йўналишда ҳам ўртача ставка 22,7 фоизни ташкил этган. Энг паст кўрсаткичлар қуйидагича бўлган:
- Пойтахт банк — 20 фоиз;
- Миллий банк — 20,3 фоиз;
- Апекс банк — 20,6 фоиз;
- Инфинбанк — 21,3 фоиз;
- Микрокредитбанк — 21,6 фоиз.

Энг юқори ўртача ставка Таянч банкда — 33 фоиз бўлган. Ҳаёт банкда бу кўрсаткич 28,7 фоиз, Анорбанкда 28,3 фоиз ва Даврбанкда 26,9 фоизни ташкил этган.









