Марко Рубио Ўзбекистонга 100 дан ортиқ АҚШ компанияси раҳбарларини олиб келади
АҚШ давлат котиби Марко Рубио октябрь ўрталарида Ўзбекистонга йирик бизнес делегацияси билан келиши кутилмоқда. Самарқанддаги ташрифда 100 дан ортиқ Америка компанияси раҳбарлари иштирок этади. Музокараларнинг асосий мавзулари савдо, инвестиция, энергетика хавфсизлиги ва Марказий Осиёдаги иқтисодий алоқалар бўлади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио октябрь ўрталарида Самарқандга ташриф буюриб, 100 дан ортиқ Америка компанияси раҳбарларидан иборат бизнес делегациясига бошчилик қилади.
Бу ҳақда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серхио Гор маълум қилди. У делегацияни икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар тарихидаги муҳим ташриф сифатида баҳолаган.
Ташриф Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган C5+1 вазирлар учрашуви доирасида амалга оширилади. Унда АҚШ ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари қатнашиши кутилмоқда.
Музокараларда минтақавий иқтисодий боғлиқликни кучайтириш, энергетика хавфсизлиги ва Марказий Осиё давлатлари учун умумий бўлган масалаларда ҳамкорликдаги ечимларни ишлаб чиқиш муҳокама қилинади. Ҳозирча делегация таркибига кирадиган компаниялар ва ташриф давомида имзоланиши мумкин бўлган келишувлар рўйхати очиқланмаган.
Рубио учун бу давлат котиби лавозимидаги Марказий Осиёга илк ташриф бўлади. У 2025 йил ноябрида минтақанинг барча беш давлатига бориш нияти борлигини билдирган эди.
Ташриф Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодий алоқалари фаоллашаётган бир пайтда амалга оширилади. 2026 йил апрелида Вашингтонда Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгаши иш бошлади. Унга Ўзбекистон томонидан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, АҚШ томонидан эса Серхио Гор ҳамраислик қилади.
Июнь ойида Тошкентдаги бизнес форумда икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик АҚШ бизнес делегацияларидан бири қатнашган эди. Унда 193 компания вакили иштирок этган, Америка компанияларининг Ўзбекистондаги янги инвестициялари 2026 йил бошидан буён 2 млрд доллардан ошгани айтилганди. Ҳамкорлик учун фойдали қазилмалар, минерал ўғитлар, фармацевтика ва тўқимачилик устувор йўналишлар сифатида кўрсатилган.









