11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

14 соат аввал
Иқтисодиёт
69

Маҳмуд Усмон IMAN баёнотига эътироз билдириб, қўшимча маълумотларни очиқлади

Маҳмуд Усмон Mercedes сотилгани ва Рустам Раҳматовнинг бош директорликдан кетиши билан IMANдаги муаммолар ҳал бўлмаслигини айтди. 

Олим инвесторлар пулини бошқарув компанияси харажатларига сарфлашни “ғасб”, яъни пулни босиб олиш деб баҳолади ва маблағ қайтарилса ҳам, ундан фойдаланилган даврдаги фойда масаласи очиқ қолишини таъкидлади. 

У 20 млн долларлик камомад ҳақидаги даъвосини тасдиқловчи ички ҳужжатларни компания розилик берса, очиқлашга тайёрлигини билдирди. 

Маҳмуд Усмон IMAN баёнотига эътироз билдириб, қўшимча маълумотларни очиқлади

IFCB кенгаши аъзоси Маҳмуд Усмон IMANнинг расмий баёнотига муносабат билдириб, автомобиль хариди, бошқарув компаниясига ўтказилган маблағлар ва муаммоли қарзларга оид эътирозларини батафсил тушунтирди. 

Олимнинг айтишича, кенгаш дастлаб ўз вазифасини бажарган деб ҳисоблаб, компания ҳақида бошқа чиқиш қилмоқчи бўлмаган. Қўшимча ҳужжатларни тарқатмаслик ҳақидаги илтимосдан кейин уларни эълон қилиш ҳам тўхтатилган.

Маҳмуд Усмон компаниянинг кейинги баёнотлари ва унга алоқадор шахсларнинг чиқишларидан сўнг айрим масалаларга яна изоҳ беришга қарор қилганини билдирди. У муҳокама инвесторлар маблағининг бошқарилиши ва шаръий талабларга риоя этилиши атрофида қолиши кераклигини таъкидлади.

Mercedes учун янги МЧЖга пул ўтказилган

Маҳмуд Усмон автомобиль масаласидаги эътирози янги МЧЖ ташкил қилиниб, инвесторлар маблағи шу компанияга ўтказилгани ва раҳбар фойдаланиши учун машина харид қилинганига қаратилганини айтди.

Аввал эълон қилинган тафтиш комиссияси қарорида 10 апрель куни коммандит ширкат ҳисобидан “FOUNDERS TRUST 1” МЧЖга 128 минг доллар эквивалентида маблағ ўтказилгани қайд этилган. Тўловга асос бўлган консорциум шартномаси бир кун олдин имзоланган. МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари IMAN ходими бўлган.

Олимнинг даъвосига кўра, автомобиль олинганидан кейин бир неча ой фойдаланилган, аммо ўша даврда Раҳматов билан тегишли савдо ёки бўлиб тўлаш шартномаси расмийлаштирилмаган. У бундай шартнома мавжуд бўлган бўлса, уни тақдим этишни сўради.

Маҳмуд Усмон компания ўша пайтда IFCB билан ҳамкорлик қилганини эслатди. Унинг айтишича, келишувга кўра, бундай ҳужжатлар аввал кенгашга тақдим этилиб, кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши керак бўлган. Олим янги МЧЖ орқали автомобиль олиш режаси уларга олдиндан айтилмаганини билдирди.

Маҳмуд Усмон автомобилни сотиш талаби ҳам дарҳол бажарилмаганини даъво қилди. Унинг айтишича, бу масалада бир ойга яқин тортишув бўлган. Давлат идоралари ва жамоатчиликка мурожаат қилиш ҳақида огоҳлантирилганидан кейингина машина сотилган.

IMAN автомобиль 12 августда сотилгани, харид маблағи ва фойдаланилган давр учун ижара тўловлари фондга қайтарилганини маълум қилган.

Олим автомобиллар бошқарувдаги муаммоларга мисол сифатида келтирилганини таъкидлади. У инвесторлар маблағига хонадон ва 3-4 та бошқа машиналар бўйича ҳам тўловлар амалга оширилмаган ҳолатлар борлигини даъво қилди.

Мудораба маблағини бошқарув компаниясига бериш

Маҳмуд Усмон бошқарув компаниясининг фонд олдидаги 2,97 млн долларлик қарзини оддий қарз муносабати сифатида изоҳлашга ҳам эътироз билдирди.

Унинг айтишича, инвесторлар маблағни савдо орқали даромад олиш учун топширган. Бу пуллар бошқарув компаниясининг иш ҳақи, ижара ва бошқа харажатларига йўналтирилган. Олим бундай фойдаланишни фиқҳий жиҳатдан “ғасб” яъни пулни босиб олиш деб баҳолади.

Исломшунос 2,97 млн доллар ўтказилган барча маблағлар ҳажми эмас, қайтарилмай қолган қолдиқ эканини ҳам таъкидлади. Унинг даъвосига кўра, бундай ўтказмалар мунтазам амалга оширилган ва IFCB улардан хабардор қилинмаган.

AAOIFIнинг мудорабага оид 13-сон стандарти 9/6-бандида бошқарувчи мудораба маблағларидан қарз, ҳадя ёки хайрия бериши мумкин эмаслиги белгиланган. 9/4-бандда эса бошқарувчи одатда ўзи бажариши лозим бўлган вазифаларни бошқа шахсга топширса, унинг ҳақини ўз маблағидан тўлаши кўрсатилган. Одатда унинг вазифасига кирмайдиган ишлар учун фонд ҳисобидан бозор нархида хизмат олишга рухсат берилган.

IMAN фонддан бошқарув компаниясига қарз бериш амалиёти июлда тўхтатилганини маълум қилган. Мавжуд қарз холдинг акциялари билан кафолатлангани ва ноябрдан бошлаб олти ой ичида қайтарилиши айтилган.

Маҳмуд Усмон маблағни қайтаришдан ташқари, ундан бошқа мақсадда фойдаланилган даврда инвесторлар манфаатига нима бўлгани масаласини ҳам кўтарди.

Маҳмуд Усмоннинг таъкидлашича, асосий масала фақат маблағнинг қайтарилиши эмас. У инвесторлар пули бошқарув компаниясига ўтказилиб, бошқа мақсадларда ишлатилган даврда инвесторларга қандай фойда келгани ҳақида савол қўйди.

“Фойдаси нима бўлди бу ерда?” деган масалани кўтарган олимнинг айтишича, агар маблағ савдо ёки инвестиция учун берилган бўлса, уни бошқарув компаниясининг иш ҳақи, ижараси ва бошқа харажатларига сарфлашдан инвесторлар қандай манфаат олгани тушунтирилиши керак.

Унинг фикрича, маблағни кейинчалик қайтаришнинг ўзи аввалги фойдаланиш давридаги масалани ҳал қилмайди. Шу сабабли компания инвесторлар маблағидан фойдаланилган даврда қандай даромад олингани, бу даромад кимга тегишли бўлгани ва инвесторлар манфаати қандай ҳимоя қилинганини очиқлаши лозим.

Муаммоли қарзлар нотўғри ҳисобланмоқда

Маҳмуд Усмон IMANнинг муаммоли қарзларни 300 кундан кейин ҳисобга олишини нотўғри деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, компания NPLни банклар қўллайдиган мезонлардан бошқача ҳисоблаб, 90 кундан ортиқ кечиккан қарзларни алоҳида очиқламаяпти.

Олим IMANнинг муаммоли қарзлар бўйича ўз кўрсаткичини банкларники билан солиштиришига эътироз билдирди.

Компания баёнотида қарзлар 300 кундан кейин умидсиз деб баҳоланиши айтилган. IMAN 90 кундан кейин ҳам қарздорлар билан ишлашни давом эттириши ва қарзларни ҳисобдан чиқармаслигини изоҳлаган.

Марказий банкнинг амалдаги 2696-сон низоми 14-бандида асосий қарз ёки фоизлар бўйича тўловлар 91–180 кун кечикса, актив “қониқарсиз” тоифасига киритилиши белгиланган. Низом бўйича “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” активларнинг барчаси муаммоли активлар ҳисобланади. Уларни муаммоли деб таснифлаш учун қарз умуман қайтмайдиган ҳолатга келишини кутиш талаб этилмайди.

IMAN эса ўз ҳолатини банкларникидан яхшироқ деб баҳолаган. Бироқ компания банклар қўллайдиган 90 кунлик мезонни қабул қилса, муаммоли қарзлар кўрсаткичи анча юқори чиқиши мумкин.

IMAN маълумотларига кўра, 31 майда NPL ҳажми 58,79 млрд сўмни, портфелдаги улуши 9,5 фоизни ташкил этган. 1 октябрга келиб қарзлар 71,65 млрд сўмга етган, портфель ўсиши ҳисобига уларнинг улуши 6,5 фоизга тушган.

Компания 31,91 млрд сўмлик захирани ҳисобга олгач, қопланмаган риск портфелнинг 3,5 фоизини ташкил этишини билдирган. Баёнотда бу бошқа молия институтларидаги 3,8 фоизлик кўрсаткичдан яхшироқ деб баҳоланган.

Халқаро валюта жамғармасининг молиявий барқарорлик кўрсаткичларига оид қўлланмасида NPLнинг умумий кредитларга нисбати захиралар чегирилмасдан ҳисобланади. Захиралар билан қопланганлик даражаси алоҳида кўрсаткич ҳисобланади.

Фойда тақсимотига оид эътироз

Маҳмуд Усмон муаммоли қарзларнинг ўзи унинг асосий шаръий эътирози эмаслигини айтди. Олим қайтмаслиги мумкин бўлган маблағлар фойда сифатида ҳисобланиб, аввалги инвесторларга тақсимланганига эътироз билдирмоқда.

Унинг даъвосига кўра, бундай тақсимотнинг оқибати кейинги инвесторлар зиммасига тушиши мумкин. Олим шу сабабли қайси маблағлар даромад деб тан олингани ва уларнинг қанчаси амалда ундирилганини текшириш кераклигини таъкидлади.

IMAN аввал миллий бухгалтерия стандартлари асосида муробаҳа даромадини савдо амалга оширилган ойда тан олганини билдирган. Компания июлдан халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтганини маълум қилган.

AAOIFIнинг 13-сон стандарти 8/8-банди активларни ҳаққоний қийматда баҳолаш асосида фойда тақсимлашга рухсат беради. Бунда дебиторлик қарзлари шубҳали қарзлар учун захира чегирилган, ундирилиши мумкин бўлган қийматда баҳоланиши керак. Оралиқ тақсимланган фойда якуний баҳолашда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Тақий Усмоний билан ҳамкорлик ҳақидаги гаплар

Маҳмуд Усмон компания раҳбарининг шайх Муҳаммад Тақий Усмоний билан ҳамкорлик бошлангани ҳақидаги гапларига ҳам эътироз билдирди.

Олимнинг айтишича, компания раҳбари Рустам Раҳматов ўз мурожаатида ҳамкорлик энди режалаштирилаётгани эмас, аллақачон бошлангани айтилган. У бу маълумотни текшириш учун шайхнинг набираси Абдуллоҳ Усмоний билан боғланганини билдирди.

Маҳмуд Усмоннинг сўзларига кўра, Абдуллоҳ Усмоний шайхнинг IMAN билан ҳамкорлиги йўқлигини айтган.

Муҳаммад Тақий Усмоний AAOIFI шаръий кенгаши раиси ҳисобланади.

20 млн долларлик даъво ва ички ҳужжатлар

Маҳмуд Усмон 20 млн долларлик камомад ҳақидаги гапни молия мутахассислари берган маълумотларга таяниб айтганини билдирди.

Олим қўлидаги ҳужжатларни икки турга ажратди. Унинг айтишича, IFCB ва тафтиш комиссиясига тегишли қарорлар, учрашув ёзувлари ҳамда бошқа материалларни тарқатишга ҳаққи бор. Компаниянинг ички ҳужжатларини эса унинг розилигисиз очиқламаяпти.

Маҳмуд Усмон IMAN қўлидаги ички маълумотларни эълон қилишга очиқ розилик берса, даъвосига асос бўлган ҳужжатларни тақдим этишини айтди.

У инвесторлар олдидаги мажбуриятлар билан уларни қоплашга хизмат қиладиган ҳақиқий соф активлар ҳажмини очиқлашни ҳам сўради. Олим камомад ҳақидаги даъвосини шу маълумотлар асосида текшириш мумкинлигини билдирди.

IMAN расмий баёнотида 20 млн долларлик зарар ҳақидаги даъвони асоссиз деб атаган. Компания муаммоли қарзлар, бошқарув компаниясининг фонд олдидаги мажбуриятлари ва келажакда олиниши кутилаётган савдо даромадлари ҳақидаги рақамлар келтирилганини таъкидлаган.

Раҳматовнинг кузатув кенгашида қолиши

Маҳмуд Усмон Рустам Раҳматовнинг ижро бошқарувини топшириб, кузатув кенгашида қолишига ҳам муносабат билдирди. Унинг фикрича, кузатув кенгаши аъзолиги компания бошқарувидан тўлиқ кетишни англатмайди.

Олим кенгаш раҳбарларни тайинлаш ва муҳим қарорларни қабул қилишда қатнашишини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонуни 40-моддасида кузатув кенгашининг ваколатлари устав билан белгиланиши кўрсатилган. Уставда ижро органларини тузиш, уларнинг ваколатини муддатидан олдин тугатиш, ички аудитни ташкил этиш ва айрим йирик битимлар бўйича қарор қабул қилиш кузатув кенгаши ваколатига киритилиши мумкин.

Маҳмуд Усмон аввалроқ компания раҳбарининг бошқарувдан тўлиқ кетиши ва бошқа эътирозлар бартараф этилиши шарти билан қўшимча вақт бериш таклиф қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу шартлар бўйича розиликка эришилмаган.

Олим баҳсли рақамларни текшириш учун компания розилиги билан ҳужжатларни очиқлаш, мустақил форензик аудит ўтказиш ёки давлат идоралари орқали текширишни таклиф қилди. IMAN эса ташқи шаръий аудит натижаларини эълон қилишга ваъда берган.


IMAN Invest ҳақидаги аввалги материаллар: 

  1. 20 млн долларлик камомад даъвоси, 128 минг долларлик Mercedes ва миллионлаб долларлик қарзлар. IMAN Invest’да нималар бўляпти?
  2. Рустам Раҳматов IMAN бош директорлигидан кетади, аммо кузатув кенгашида қолади
  3. Mercedes сотилган, қарз қайтарилади. IMAN 20 млн долларлик камомад ва бошқа эътирозларга қандай жавоб берди?

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+