“Кредитга тақиқ” хизматидан фойдаланувчилар сони 2,6 млнга яқинлашди
2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, ўз номига кредит расмийлаштирилишини вақтинча чеклаган фуқаролар сони 2 млн 574 минг нафардан ошди. Хизматдан фойдаланувчиларнинг энг катта қисмини 26–35 ёшдагилар ташкил этмоқда.

“КАТМ” кредит бюроси маълумотларига кўра, “Кредитга тақиқ” хизматига уланган жисмоний шахслар сони бир йил ичида қарийб 78 баробар ошган. 2025 йил 1 июлда хизматдан 33,1 минг киши фойдаланган бўлса, 2026 йил 1 июлга келиб бу кўрсаткич 2 млн 574 минг нафарга етган.
Фойдаланувчилар сонининг энг кескин ўсиши 2026 йилнинг биринчи чорагида кузатилган. Жорий йил бошида хизматга 438,3 минг фуқаро уланган бўлса, 1 апрелга келиб уларнинг сони 2,2 млн нафардан ошган. Иккинчи чорак давомида эса яна 366,3 минг киши хизматни фаоллаштирган — бу уч ойда 16,6 фоизлик ўсишни англатади.
Фойдаланувчиларнинг 58 фоизи — эркаклар
Хизматдан фойдаланаётганларнинг 1 млн 497 минг нафари ёки 58 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келади. Аёллар сони эса 1 млн 76 минг нафарни ёки жами фойдаланувчиларнинг 42 фоизини ташкил қилган.

Ёш тоифалари бўйича энг катта улуш 26–35 ёшдаги фуқароларга тегишли — 764,9 минг киши ёки 30 фоиз. Шунингдек:
- 26 ёшгача бўлганлар — 647,7 минг нафар ёки 25 фоиз;
- 36–45 ёшдагилар — 609,7 минг нафар ёки 24 фоиз;
- 46–55 ёшдагилар — 319,4 минг нафар ёки 12 фоиз;
- 56 ёшдан катталар — 232,4 минг нафар ёки 9 фоиз.
“Кредитга тақиқ” хизмати фуқаронинг номига унинг розилигисиз кредит битими расмийлаштирилиши билан боғлиқ фирибгарлик хавфини камайтиришга мўлжалланган. Фойдаланувчи тақиқни мустақил равишда ёқиши ва зарурат туғилганда олиб ташлаши мумкин.
Хизматни “КАТМ” мобил иловаси ва кредит бюросининг шахсий кабинети, my.gov.uz портали ҳамда унинг мобил иловаси орқали онлайн фаоллаштириш мумкин. Шунингдек, Давлат хизматлари марказлари ёки “КАТМ” кредит бюросига шахсан мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
Хизматдан фойдаланиш бепул.









