Кимларга газ ва электр энергияси тўловлари бўйича компенсация берилади?
Жорий йил 1 майдан бошлаб 2027 йил 1 апрелгача эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси тўловлари бўйича компенсация берилади.

Президент томонидан имзоланган янги қарорга биноан, 2025 йил 1 майдан бошлаб 2027 йил 1 апрелгача эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси тўловлари бўйича компенсация берилади. Бу компенсация илгари фақат қиш мавсумида амал қилган бўлса, эндиликда йилнинг ҳар ойида тўлаб борилади.
Компенсация қуйидаги тоифаларга кирувчи оилаларга ажратилади:
- Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар. Бундай рўйхатга, агар оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ойлик даромад 669 минг сўмдан кам бўлса, киритилади.
- Камбағал оилалар реестрига киритилганлар. Бунда оиланинг ойлик даромади ҳар бир аъзога тақсимланганда 1 миллион 155 минг сўмдан кам бўлиши лозим.
- Шунингдек, реестрга кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ҳар бир аъзога тўғри келадиган ойлик даромади 1 миллион сўмдан кам бўлган оилалар ҳам ушбу имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2025 йил март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 746 149 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган.
Компенсация миқдори қуйидагича белгиланади:
- Электр энергияси учун – базавий меъёр бўлган 200 кВт соатдан ортиқ ишлатилган 150 кВт соатгача бўлган қисм учун.
- Табиий газ учун – ноябрдан февралгача 500 куб метрдан ортиқ ишлатилган 250 куб метргача, бошқа ойлар учун эса 150 куб метргача бўлган ортиқча истеъмол қисмига.
Бунда, истеъмолчи томонидан тўланиши керак бўлган ортиқча тўловнинг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Масалан, агар оила бир ойда 350 кВт электр энергияси ишлатса, 200 кВт учун ўзи тўлайди, қолган 150 кВт бўйича эса тарифлар ўртасидаги фарқ миқдорида давлат тўловни компенсация қилади.