Kaspi.kz мустақил директори Халқ банки Кузатув кенгашига кирди
Халқ банки Кузатув кенгашининг икки аъзоси муддатидан олдин таркибдан чиқарилиб, уларнинг ўрнига Дуглас Гарднер ва Сардор Холмахмадов мустақил аъзо сифатида сайланди. Гарднер 2019 йилдан бери Kaspi.kz директорлар кенгашида ишлайди, Холмахмадов эса Халқ банкидаги сайловдан бир кун олдин Агробанк Кузатув кенгашидан чиқарилган эди.

Халқ банки Кузатув кенгаши таркибида ўзгариш юз берди. Банк акциядорларининг 25 сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида Нозимжон Холмуродов ва Рожер Ж. Томсоннинг кенгашдаги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди.
Уларнинг ўрнига Сардор Холмахмадов ва Дуглас Вейр Гарднер уч йил муддатга мустақил аъзо сифатида сайланди. Ҳар икки номзод ўз вазифасини Марказий банк билан келишилгандан кейин бажаришга киришади. Қарорни йиғилишда қатнашган акциядорлар бир овоздан маъқуллаган.
Kaspi.kz директорлар кенгашидан Халқ банкига
Дуглас Гарднер 2019 йилдан буён Қозоғистоннинг Kaspi.kz компанияси директорлар кенгаши аъзоси. Компаниянинг АҚШ регуляторига тақдим этган ҳисоботида у Nasdaq талаблари бўйича мустақил директор сифатида қайд этилган.

Гарднер 2007 йилдан CAIGAN Capital консалтинг компанияси асосчиси ва бош директори сифатида фаолият юритади. Бунгача у 2002–2006 йилларда Ernst & Young’нинг Россия, Қозоғистон ва МДҲ бўйича бошқарувчи ҳамкори, 2001–2002 йилларда эса Arthur Andersen’нинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи ҳамкори бўлган. Ҳозир у Kaspi.kz аудит қўмитасига ҳам раислик қилади.
Кенгашга кирган иккинчи янги аъзо — Сардор Холмахмадов Германиянинг Helaba — Landesbank Hessen-Thüringen банкида структуравий савдо ва экспорт молияси бўйича бошқарувчи директор сифатида ишлайди. У бунгача Агробанк Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси эди.
Холмахмадовнинг Агробанкдаги ваколатлари 24 сентябрь куни муддатидан олдин тугатилган, Халқ банки акциядорлари эса уни эртаси куни 25 сентябрда ўз Кузатув кенгашига сайлаган.
Таркибдан чиқарилган Рожер Ж. Томсон Халқ банки Кузатув кенгаши раиси ўринбосари бўлиб, Лондондаги Akinn Group бошқарувчи директори сифатида фаолият юритган. Нозимжон Холмуродов эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ҳисобланади.
Ҳужжатда уларнинг ваколатлари нима сабабдан муддатидан олдин тугатилгани кўрсатилмаган.
Давлат банклари кенгашлари кетма-кет янгиланмоқда
Халқ банкидаги ўзгариш сўнгги ҳафталарда давлат банклари Кузатув кенгашларида кузатилаётган янгиланишларнинг навбатдагиси бўлди.
Pinkod аввалроқ Туронбанк Кузатув кенгашининг 9 аъзосидан 6 нафари ёки 66,7 фоизи алмаштирилгани ҳақида ёзган эди. Янги таркибга PASHA Bank Georgia, Solidcore Resources ва Incofin каби хорижий молия ва инвестиция ташкилотларида ишлаётган мутахассислар киритилган. Банкнинг бизнес-режасида хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида мустақил директорлар сонини беш нафарга етказиш белгиланган.
Деярли шу вақтда Агробанкда ҳам 9 кишилик Кузатув кенгашининг 6 аъзоси янгиланди. Янги таркибга Грузиянинг собиқ бош вазири Георгий Квирикашвили, Ирина Сейланян, Димитри Шишло ва Татьяна Доган мустақил аъзолар сифатида сайланди. Агробанкда мустақил директорлар сони тўрт нафардан беш нафарга ошди.
Шу тариқа, сентябрь охирининг ўзида Туронбанк, Агробанк ва Халқ банки Кузатув кенгашлари таркибига ўзгартириш киритди.









