Камбағал оилаларга ноутбук ва ускуналар сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилади
Ҳукумат қорори билан камбағал оилаларнинг таълим ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” орқали имтиёзли кредитлар олиш тартиби белгиланди.

Ҳукумат қарори билан “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” томонидан камбағал оилаларга қуйидаги мақсадларда кредитлар берилади:
- ноутбук сотиб олиш;
- тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари харид қилиш;
- кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни олиш.
Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган фоиз ставкасида, устама ҳақ тўлаш шарти билан қуйидагича тақдим этилади:
15 млн сўмгача бўлган ноутбук хариди учун — 5 йилгача муддатга, шунингдек 2 йиллик имтиёзли давр билан;
тадбиркорликни бошлаш учун 30 млн сўмгача қийматдаги асосий воситалар хариди учун — 5 йилгача муддатга, бўлиб тўлаш шартида.
Маълумот учун, бундай кредитлар ажратиш тартиби юзасидан президент фармони айнан бир йил олдин қабул қилинган эди.