JPMorgan Ўзбекистон давлат облигациялари бозорига кирмоқчи
Активлари 5,1 трлн долларни ташкил этувчи АҚШ молиявий гиганти Ўзбекистоннинг ички давлат облигациялари бозорида иштирок этиш имкониятини ўрганмоқда.
JPMorgan ушбу бозорга қизиқиш билдираётган ягона хорижий банк эмас.
Австриянинг Raiffeisen Bank International банки давлат қимматли қоғозлари бўйича илк битимини амалга оширган бўлса, Bank of Georgia, Bank of New York Mellon ва Евроосиё тараққиёт банки ҳам бозорда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Американинг JPMorgan инвестиция банки Ўзбекистон давлат қимматли қоғозларининг бирламчи ва иккиламчи бозорларида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республика валюта биржаси (ЎзРВБ) хабар берди.
23 ноябрь куни биржада JPMorgan вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Марказий банк, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, ЎзРВБ ва “Ўзмиллийбанк” вакиллари иштирок этди.
Музокараларда JPMorgan’нинг бирламчи дилер мақомига эга “Ўзмиллийбанк” билан ҳамкорликда давлат облигацияларини сотиб олиш ва сотиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар қимматли қоғозлар бўйича битимларни амалга ошириш, ўзаро ҳисоб-китоблар, облигациялардан олинадиган фоиз даромадларини тўлаш ҳамда уларнинг муомала муддати тугагач, маблағларни ўтказиш механизмларини кўриб чиқди.
Шунингдек, JPMorgan вакилларига Ўзбекистон давлат қимматли қоғозлари бозорида хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талаблари тушунтирилди.
Ҳозирча JPMorgan’нинг бозорга кириш муддати ва амалга ошириши мумкин бўлган инвестициялар ҳажми очиқланмаган.
Хорижий банкларнинг Ўзбекистон облигацияларига қизиқиши ортмоқда
JPMorgan Ўзбекистоннинг ички давлат қимматли қоғозлари бозорига қизиқиш билдираётган ягона халқаро молиявий институт эмас.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Австриянинг Raiffeisen Bank International банки Ўзбекистон Республика валюта биржасида давлат қимматли қоғозлари бўйича илк битимини амалга оширган эди.
Банк 2025 йил декабрида капитал бозоридаги махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Кейинчалик Марказий банкда миллий ва хорижий валютадаги вакиллик ҳисобварақлари очилган. 2026 йил июнида эса Капиталбанк унинг давлат қимматли қоғозлари бозоридаги агенти сифатида танланган.
17 ноябрь куни ЎзРВБ Грузиянинг Bank of Georgia ва АҚШнинг Bank of New York Mellon (BNY) вакиллари билан ҳам давлат қимматли қоғозлари бозорида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилган.
Бундан ташқари, 25 ноябрь куни Евроосиё тараққиёт банкининг ЎзРВБ аъзолигига қабул қилиниши ҳамда давлат облигацияларининг бирламчи ва иккиламчи бозорларида иштирок этиши муҳокама қилинди.
Халқаро молиявий институтларнинг ички давлат облигациялари бозорига кириши инвесторлар доирасининг кенгайиши, иккиламчи бозорда ликвидликнинг ошиши ҳамда давлатнинг миллий валютада қарз жалб қилиш имкониятлари кенгайишига хизмат қилиши мумкин.
Маълумот учун: JPMorgan Chase дунёдаги энг йирик молиявий гуруҳлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг молиявий ҳисоботига кўра, 2026 йил 30 сентябрь ҳолатига унинг активлари 5,1 трлн долларни, акциядорлик капитали эса 372 млрд долларни ташкил этган. Гуруҳ учинчи чоракда 15,3 млрд доллар соф фойда олган.









