Жефф Безос тавсия қилган энг яхши китоблар
Amazon асосчиси Жефф Безос тез-тез ўз яқинлари ва ходимларига китоблар тавсия қилиб туради. Бугун айнан у томонидан тавсия қилинган энг яхши китоблар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Amazon асосчиси Жефф Безос нафақат ўзининг тадбиркорлик қарашлари билан, балки китобларга бўлган чуқур қизиқиши билан ҳам машҳур. У китобларни ғоялар, стратегиялар ва маданиятларни шакллантирувчи куч сифатида қадрлайди.
Қуйида у томонидан тавсия қилинган энг яхши китоблар ва уларнинг аҳамияти келтирилади.
1. “The Innovator's Solution” – Clayton M. Christensen and Michael E. Raynor

Ушбу китоб Клейтон Кристенсеннинг машҳур “The Innovator’s Dilemma” асарининг давоми бўлиб, компаниялар ўз соҳаларида қандай дисруптор (бузғунчи инноватор) бўлиши мумкинлиги ҳақида батафсил тушунча беради. Китобда инновациянинг қандай ишлаши ва бизнеслар янги ўсишни қандай яратиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Безос Amazon’нинг юқори раҳбарияти учун бу китобни ўқишни мажбурий қилган.
2. “The Goal: A Process of Ongoing Improvement” – Eliyahu M. Goldratt and Jeff Cox

Ушбу бизнес романи чекловлар назарияси (Theory of Constraints) ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур назария бизнес жараёнларидаги энг катта тўсиқларни аниқлаш ва уларни енгиб ўтиш орқали самарадорлик ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган.
3. “The Effective Executive” – Peter F. Drucker

Бу китоб бошқарув адабиётининг классик асарларидан бири бўлиб, муваффақиятли раҳбарларнинг одатлари ҳақида сўз юритади. Drucker вақтни бошқариш, самарали қарор қабул қилиш ва муҳим нарсаларга эътибор қаратиш ҳақида йўл-йўриқлар кўрсатади.
4. “Built to Last: Successful Habits of Visionary Companies” – Jim Collins and Jerry I. Porras

Олти йил давомида ўтказилган тадқиқот натижаларига асосланган ушбу китоб муваффақиятли компанияларни бошқалардан ажратиб турувчи омилларни ўрганади. Унда узоқ муддатли муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган асосий одатлар ва стратегиялар муҳокама қилинади. Безос ушбу китоб унинг энг севимли бизнес китоби эканлигини айтиб ўтган.
5. “The Remains of the Day” – Kazuo Ishiguro
Ушбу роман Англияда яшовчи бутлернинг (хизматкорнинг) ўз умри давомида садоқат билан хизмат қилган ҳаётига назар ташлаши ҳақида ҳикоя қилади. Китоб садоқат, бурч ва ўзликни англаш мавзуларини ўрганади.
Безос бу китоб ҳақида шундай деган:
“Уни ўқишимдан олдин, мукаммал роман ёзиш мумкинлигига ишонмасдим”.
6. “Lean Thinking: Banish Waste and Create Wealth in Your Corporation” – James P. Womack and Daniel T. Jones

Ушбу китоб самадорликни ошириш учун исрофгарчиликни йўқ қилишга қаратилган. Унда турли соҳалардаги энг самарали компанияларнинг тажрибаси ўрганилади.
Мазкур китобларнинг айримлари Amazon компаниясининг Kindle ва Amazon Web Services (АWС) каби инновацион маҳсулот ва хизматларини яратишда ҳал қилувчи роль ўйнаган.