12 192.060 so‘m

increase

13.210

13 996.480 so‘m

decrease

-56.700

143.000 so‘m

decrease

-3.540

12 192.060 so‘m

increase

13.210

9 соат аввал
Иқтисодиёт
58

Жаҳон банки транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга $200 млн ажратади

Жаҳон банки Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан боғловчи М41 магистралининг 91 км қисмини реконструкция қилиш ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун $200 млн ажратди.

Жаҳон банки транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга $200 млн ажратади
Фото: AI/Pinkod.uz

Жаҳон банки Ижроия директорлари кенгаши Ўзбекистонга Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун маблағ ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.

Молиялаштириш ҳажми 200 млн долларни ташкил этади. Лойиҳанинг асосий қисми сифатида Автомобил йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Автойулинвест” агентлигига Сурхондарёни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан боғлайдиган М41 магистралининг 91 километрлик қисмини реконструкция қилишда кўмак берилади.

Икки полосали трасса 4 полосагача кенгайтирилади. Ишлар якунланганидан сўнг ушбу йўлдан ҳар куни 35 мингга яқин ҳайдовчи ва йўловчи фойдаланиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида йўл қопламаси сифати яхшиланади, ҳаракат хавфсизлиги бўйича чоралар кўрилади ва автобус бекатлари янгиланади. Шунингдек, Жаҳон банки 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиради. Бу иншоотлар тошқинлар хавфидан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Лойиҳа тугагач, аҳоли пунктларидан ташқари ҳудудларда ҳаракатнинг ўртача тезлиги 65 км/соатдан 90 км/соатгача ошиши кутилмоқда. Йўлни янгилаш мазкур участкадаги авариялар сонини камайтиради ва Сурхондарёни бошқа ҳудудлар ҳамда қўшни давлатлар билан транспорт боғланишини мустаҳкамлайди.

Йўлга туташ ҳудудларда яшайдиган 550 мингга яқин аҳоли транспорт хизматларидан яхшироқ фойдаланиш имкониятига эга бўлади ҳамда йўл бўйи бизнесини ривожлантириш учун янги иқтисодий имкониятлар пайдо бўлади.

Шунингдек, Жаҳон банки мутахассислари Транспорт вазирлигига мультимодал ташувларни ривожлантириш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқишда кўмак беради. Ушбу стратегия транспорт турлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, йўловчи ва юк ташиш хизматларини яхшилаш учун маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Стратегияга таъминот занжирларидаги узилишлар ва об-ҳаво хавфларига транспорт соҳасининг барқарорлигини оширишга қаратилган чоралар ҳам киритилади. Шунингдек, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтиришга қаратилган иқтисодий жиҳатдан самарали ечимлар жорий этиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлади.

Бундан ташқари, банк “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг бизнес жараёнларини янгилашни ҳам молиялаштиради. Режага кўра, давлат компаниясида корпоратив бошқарув ва молиявий шаффофлик мустаҳкамланади, йўловчи ташувларини режалаштириш тизими яхшиланади.

Жаҳон банки кўмагида компания ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) амалиётларини жорий қилади. Бу чоралар компаниянинг операцион самарадорлигини ошириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Маълум қилинишича, 2014–2023 йиллар давомида Ўзбекистон Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида 129-ўриндан 88-ўринга кўтарилиб, 41 поғонага яхшиланди. Индекс мамлакатлар ичида ва чегаралар орқали товарларни ташиш тезлиги ва ишончлилиги бўйича баҳолайди. Бироқ автопаркнинг тез ўсиши йўл тармоғининг ривожланишидан илгарилаб кетмоқда ва йўлларга тушаётган юкламани оширмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+