Июнь ойида Ўзбекистонда дефляция кузатилди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йил июн ойида мамлакатда дефляция қайд этилди — истеъмол нархлари 0,2 фоизга пасайди. Бу асосан сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар нархининг кескин тушиши билан изоҳланмоқда. Йил бошидан буён умумий инфляция даражаси 4,2 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда июн ойида мавсумий дефляция кузатилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.
Ой давомида истеъмол нархлари 0,2 фоизга камайди. Бу май ойидаги кескин — 1,5 фоизлик ўсишдан сўнг рўй берди. Йилнинг биринчи ярмида инфляция суръати 4,2 фоизни ташкил этиб, 2024-йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоизга пасайди.
Йиллик инфляция июн ойида 8,7 фоиз даражасида қолиб, май ойидаги даражадан ўзгаришсиз қолди. Таqqослаш учун бир йил аввал бу кўрсаткич 10,6 фоизни ташкил қилган эди.
Ҳудудлар кесимида нархлар турлича. Ой давомида нархлар фақат учта ҳудудда ошди: Қорақалпоғистон (+0,2 фоиз), Хоразм (+0,1 фоиз) ва Сурхондарё (+0,4 фоиз). Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида эса дефляция 0,4 фоизни ташкил этди.
Умумий дефляциянинг асосий сабаби — озиқ-овқат маҳсулотлари сегментидаги 1,2 фоизлик нархларнинг пасайиши бўлди. Энг катта арзонлашув сабзавот ва дуккакли маҳсулотларда кузатилди — 10,2 фоизгача.
Бақлажонлар нархи икки баравардан кўпроққа тушди, помидорлар 46,6 фоиз арзонлашди. Шунингдек, булғор қалампири (-38 фоиз), бодринг (-30,9 фоиз), тарвуз (-27 фоиз), карам (-23 фоиз) ва саримсоқ (-10,5 фоиз) нархлари ҳам тушди. Айни вақтда сабзи (+12,4 фоиз) ва ситрус мевалари (13,8−36,2 фоиз) сезиларли қимматлашди. Шунингдек, тухум (+5,3 фоиз) ва парранда гўшти (+1,7 фоиз) нархлари ҳам ошган.
Йил бошидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,7 фоизга ошган, 2024-йил биринчи ярмида эса аксинча, пасайиш кузатилган эди. Сўнгги 12 ойда озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 6 фоизни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан деярли икки баравар ошган.
Саноат товарлари нархи ой давомида 0,2 фоизга, ўтган июнга нисбатан эса 7,5 фоизга кўтарилди. Аксар товар тоифаларида ўсиш суръатлари май ойига нисбатан паст бўлди.
Июн ойида хизматлар нархи ўртача 0,8 фоизга ошган бўлса, йиллик ўсиш 15,8 фоизни ташкил этди. Асосий инфляцион омил сифатида "коммунал соҳадаги тарифларнинг либераллашуви" кўрсатилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон, Хоразм, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида сув таъминоти ва канализация хизматлари нархи ошган.
Ўртача ҳисобда, сув таъминоти ва уй-жойни сақлаш хизматлари бўйича нархлар 6,1 фоизга ошган. Шунингдек, тиббий хизматлар нархи 1,1−1,3 фоиз атрофида қимматлашган.