Июль ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк нархлари сезиларли ошди
Июль ойида Ўзбекистонда 26 мингдан ортиқ уй-жой олди-сотди шартномаси тузилди.
Иккиламчи бозорда нархлар ошиши ойлик ҳисобда 1,7 фоизгача, йиллликда эса 3,3 фоизгача тезлашди.
Ҳудудлар кесимидаги уй-жой бозори ҳақида батафсил:

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, июль ойида мамлакат бўйлаб уй-жой олди-сотдиси фаол суръатларда ошди.
Ўтган ойда уй-жой олди-сотди бўйича 26 мингдан ортиқ шартнома имзоланган бўлиб, бу июнь ойига нисбатан 25% кўпдир. Бу сўнгги йилларда қайд этилган энг йирик ойма-ой ўсиш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Ҳудудлар бўйича динамикалар
Июль ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида уй-жой бозори фаоллашди. Энг катта ўсиш Сурхондарё (41%), Сирдарё (35,3%) ва Қашқадарё (33,7%) вилоятларида кузатилди. Тошкент шаҳрида эса бозор фаоллиги 24,6%га ошди.

Нархлар бўйича ўзгаришлар
Иккиламчи бозорда июль ойида уй-жойларнинг ўртача бозордаги қиймати июнь ойидаги 0,3%лик ўсишдан сўнг 1,7%га етди. Йиллик ҳисобда эса нархлар 3,3%га кўтарилди. Ҳудудлар кесимида энг сезиларли йиллик ўсиш Жиззах (15,2%), Сурхондарё (14,1%) ва Хоразм (9,6%) вилоятларида қайд этилди.
Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори
Пойтахтда нархлар ой давомида ўртача 0,8%га ошган бўлса-да, йиллик ҳисобда иккиламчи уй-жой нархлари 3,2%га кўтарилди, бирламчи уй-жой нархлари эса 0,9%га пасайди.
- Иккиламчи бозорда энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек (-8,2%), Яшнобод (-4,5%) ва Юнусобод (-4,2%) туманларида кузатилди.
- Бирламчи бозорда энг катта пасайиш Учтепа (-8,8%), Юнусобод (-6,7%) ва Шайхонтоҳур (-4,7%) туманларида қайд этилди.
Ижара бозори

Июль ойида Тошкент шаҳри уй-жой ижара бозорида нархлар барқарор қолди — ўртача бир квадрат метр учун 8 АҚШ доллари.
Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида сақланиб, ўртача 10,3 долларни ташкил этди.
Йиллик ҳисобда эса пойтахт бўйича ижара нархи 2,8 %га арзонлади. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида кузатилди.