Июль ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида савдолар кескин ошди
2025 йил июль ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида савдолар кескин ошиб, ойлик натижа 116,8 минг донага етди. Бу июнга нисбатан 27 фоиз кўп бўлиб, 2024 йил январидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ўсиш бирламчи, иккиламчи ва электромобиллар сегментларида бирдек кузатилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, июль ойида мамлакат автомобиль бозорида сотувлар сезиларли даражада кўпайди.
Ой давомида жами 116,8 минг дона автотранспорт воситаси сотилди. Бу кўрсаткич жорий йил июнига нисбатан 27% юқори бўлиб, 2024 йил январидан бери (144,5 минг дона) энг юқори натижа ҳисобланади. Мазкур динамика мавсумий пасайиш давридан кейин бозор фаоллигининг тикланаётганидан далолат беради.
Енгил автомобиллар бозори
Июль ойида енгил автомобиллар сегментида сотувлар деярли 100 минг дона бўлди, бу июнга нисбатан 25% га кўпдир. Ўсиш, истеъмолчилар фаоллигининг ортиши ва талабнинг ҳудудлар бўйича кенгайгани билан изоҳланади.
Энг катта ўсиш суръатлари Тошкент (+51%), Наманган (+49%) ва Хоразм (+40%) вилоятларида қайд этилди. Таққослаш учун, июнь ойида енгил автомобиллар савдоси атиги 3% га ошган эди.
Бирламчи автомобиль бозори
Янги енгил автомобиллар сегментида июль ойида фаоллик янада кучайди. Сотувлар июнь ойига нисбатан 38,2% га кўпайиб, 38,4 минг дона бўлди.
- Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар етакчиликни сақлаб қолиб, 38,6% ўсиш билан 32,9 минг дона сотилди.
- Хорижий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси ҳам ижобий натижа кўрсатиб, 5,4 минг дона бўлди (+35,8%).
Иккиламчи автомобиль бозори
Июль ойида иккиламчи енгил автомобиллар сегментида ҳам фаоллик кескин ошди. Савдо ҳажми 61,5 минг дона бўлиб, бу июнга нисбатан 18% кўпдир.
Таққослаш учун, июнь ойида савдолар май ойига нисбатан 0,4% га камайган эди. Шундай экан, июлдаги ўсиш ушбу сегментдаги умумий жонланишни акс эттиради.
Электромобиллар бозори
Июнь ойида енгил электромобиллар савдоси май ойига нисбатан 1,7% га пасайган бўлса, июлда бозор яна тез суръатларда ўсишга чиқди.
Ой давомида рекорд даражадаги 6,5 минг дона электромобиль сотилди, бу июнга нисбатан 28,2% кўпдир.