12 004.480 so‘m

increase

32.840

13 155.710 so‘m

decrease

-4.710

146.560 so‘m

increase

0.230

12 004.480 so‘m

increase

32.840

Якин 3 соат ичида
Банк
15

Ипотека банкдаги давлатнинг қолган 17,5 фоиз улуши OTP Bank’ка сотилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати Ипотека банкдаги қолган 17,5 фоиз улушини Венгриянинг OTP Bank’ига сотиш бўйича келишувга эришди. Битим якунлангач, OTP Group’нинг банк капиталидаги улуши 90,4 фоизга етади ва давлат банк акциядорлари сафидан чиқади. Тошкент фонд биржасидаги жорий нархлар асосида давлат улуши қарийб 399 млн долларга баҳоланмоқда.

Ипотека банкдаги давлатнинг қолган 17,5 фоиз улуши OTP Bank’ка сотилмоқда

OTP Bank ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида тегишли қўшимча битим имзоланди. Бу ҳақда Ипотека банк матбуот хизмати хабар берди.

Венгрия банкининг расмий баёнотига кўра, томонлар 19 ноябрь куни қолган акцияларни сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Молиявий ҳисоб-китоблар яқин бир неча ҳафта ичида якунланиши кутилмоқда.

Келишув 2022 йилда бошланган хусусийлаштириш жараёнининг иккинчи ва якуний босқичи ҳисобланади. Ўшанда давлат Ипотека банк акцияларини икки босқичда сотишга келишган. Дастлаб 75 фоизлик улушни сотиш, қолган 25 фоизни эса биринчи битим якунланганидан уч йил ўтиб реализация қилиш режалаштирилган эди.

2023 йил июнь ойида OTP Bank Ипотека банкдаги 73,71 фоизлик давлат улушини 324 млн долларга сотиб олди. Шу тариқа, Венгрия молия гуруҳи Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бирининг назорат пакетини қўлга киритди.

Ўша йилнинг декабрида OTP Bank қўшимча акциялар чиқарилиши орқали Ипотека банк устав капиталига яна 844,6 млрд сўм ёки ўша даврдаги курс бўйича тахминан 68,5 млн доллар киритди. Натижада унинг банкдаги улуши 79,58 фоизгача ошди, давлат улуши эса 24,57 фоиздан 19,16 фоизгача қисқарди.

2026 йил май ойида Халқаро молия корпорацияси (IFC) илгари банкка ажратган конвертация қилинадиган кредитини акцияларга алмаштириб, Ипотека банк акциядорларидан бирига айланди.

Шундан сўнг банк капиталидаги улушлар яна ўзгарди. 2026 йил 30 июнь ҳолатига OTP Bank акцияларнинг 72,89 фоизига, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 17,49 фоизига, IFC 8,69 фоизига эгалик қилган. Қолган 0,93 фоиз бошқа акциядорлар ҳиссасига тўғри келган.

Келишув шартлари қайта кўриб чиқилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг билдиришича, 2022 йилги дастлабки шартномада иккинчи босқичдаги акциялар нархи банкнинг молиявий натижаларига боғланган.

Бироқ ўтган тўрт йил давомида банкнинг молиявий кўрсаткичлари ва Ўзбекистондаги иқтисодий шароитлар сезиларли яхшиланган. Шу сабабли томонлар дастлабки шартноманинг айрим бандларини қайта кўриб чиқишга келишган.

OTP Bank’нинг маълум қилишича, шартларнинг янгиланиши компаниянинг 2026 йил тўртинчи чоракдаги консолидациялашган молиявий натижасига 55 млн доллар миқдорида салбий таъсир кўрсатади. Компания буни келишувдаги хатарлар ва манфаатлар тақсимотининг қайта кўриб чиқилиши билан изоҳлаган.

23 ноябрь куни Тошкент фонд биржасида Ипотека банкнинг битта оддий акцияси 6,49 сўмдан баҳоланмоқда. Шу нарх асосида банкнинг бозор капитализацияси 27,37 трлн сўм ёки 2,28 млрд долларни ташкил этади.

Давлатга тегишли 17,49 фоизлик акциялар пакетининг ҳисобий бозор қиймати эса 4,79 трлн сўм ёки 398,8 млн долларга тенг. Ҳисоб-китоб Марказий банкнинг 23 ноябрь учун белгиланган 12 004,48 сўмлик расмий доллар курси асосида амалга оширилди.

Бироқ бу фақат биржа нархи асосида ҳисобланган қиймат. OTP Bank билан келишилган ҳақиқий сотув нархи ҳозирча ошкор қилинмаган.

Ипотека банкнинг фойдаси 20 бараварга ошган

Хусусийлаштиришнинг якуний босқичи банкнинг молиявий кўрсаткичлари сезиларли яхшиланган даврга тўғри келмоқда.

Pinkod аввал хабар берганидек, Ипотека банк 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 2 трлн 72,3 млрд сўм соф фойда олган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 102,5 млрд сўмни ташкил этган эди.

Шу тариқа, банкнинг соф фойдаси бир йилда 20,2 бараварга ошган. Натижада Ипотека банк Ўзбекистондаги энг даромадли банклар рейтингида 19-ўриндан биринчи ўринга кўтарилган.

Ипотека банк матбуот хизматига кўра, трансформация жараёнида муаммоли кредитлар улуши бир йил ичида 10,2 фоиздан 2,6 фоизгача камайган. Банкнинг бек-офис операциялари марказлаштирилиши натижасида маъмурий иш ҳажми ҳам қарийб 20 фоизга қисқарган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+