12 052.050 so‘m

increase

39.930

13 985.200 so‘m

increase

49.940

165.300 so‘m

decrease

-0.820

12 052.050 so‘m

increase

39.930

8 соат аввал
Технология
85

Инфляцион кутилмалар пасайди, аммо хавотир озиқ-овқатдан коммунал тарифларга кўчмоқда

Май ойида аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 10,1 фоизгача, тадбиркорларники эса 10 фоизгача пасайди. Умумий кўрсаткичлар тушишда давом этаётган бўлса-да, респондентларнинг жавоблари нархлар бўйича асосий хавотир озиқ-овқат ва валюта курсидан коммунал хизматлар ҳамда энергия ресурсларига томон силжиётганини кўрсатмоқда.

Инфляцион кутилмалар пасайди, аммо хавотир озиқ-овқатдан коммунал тарифларга кўчмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк ўтказган сўровда 3 438 нафар аҳоли вакили ва 1 762 нафар тадбиркор қатнашган. Натижаларга кўра, аҳолининг ўртача тортилган инфляцион кутилмалари апрель ойидаги 10,6 фоиздан майда 10,1 фоизгача пасайган. Тадбиркорлар орасида кўрсаткич 10,3 фоиздан 10 фоизгача тушган.

Бу 2025 йил бошидаги юқори даражаларга нисбатан сезиларли пасайишдир. Масалан, аҳолининг инфляцион кутилмалари 2025 йил февралида 15 фоиздан ошган эди. Кейинги ойларда кўрсаткич деярли изчил камайиб, май ойига келиб 10 фоиз атрофида шаклланди.

Бироқ умумий кутилмаларнинг пасайиши барча респондентлар нархлар барқарорлашишига бир хил даражада ишона бошлаганини англатмайди.

Аҳолининг май ойидаги медиан кутилмаси 9 фоизни ташкил қилган бўлса, ўртача тортилган кўрсаткич 10,1 фоиз бўлган. Яъни респондентларнинг камида ярми инфляцияни 9 фоиз ёки ундан паст даражада кутмоқда, бироқ нархлар анча юқори ошишини тахмин қилаётган гуруҳ умумий ўртача кўрсаткични юқорига тортмоқда.

Тадбиркорларда бу тафовут янада катта: медиан кутилма 8 фоиз, ўртача тортилган кўрсаткич эса 10 фоизни ташкил қилган. Бу тадбиркорларнинг катта қисми нисбатан пастроқ инфляцияни кутаётган бўлса-да, айрим бизнес вакилларида нархлар ўсиши бўйича анча юқори хавотир сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Инфляцион хавотирнинг маркази ўзгармоқда

Сўровдаги асосий ўзгариш умумий кутилмалар даражасидан кўра, нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллар таркибида кузатилган.

Аҳоли орасида коммунал хизматлар қимматлашишини асосий инфляцион омил деб ҳисоблаганлар улуши бир ойда 51 фоиздан 59 фоизгача кўтарилган. Бу сўнгги бир йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Тадбиркорлар орасида ҳам коммунал хизматларни қайд этганлар улуши 50 фоиздан 59 фоизгача ошган. Ёқилғи ва энергия ресурслари нархини асосий хавф деб билган тадбиркорлар улуши эса 48 фоиздан 49 фоизгача кўпайган.

Шу тариқа, аҳолида ҳам, бизнесда ҳам инфляцион хавотир тобора кўпроқ коммунал ва энергия харажатлари билан боғланмоқда. Бундай харажатларнинг ўсиши фақат уй хўжаликларининг бевосита тўловларига эмас, балки корхоналарнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва логистика харажатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Бунинг фонида озиқ-овқат ва валюта курси билан боғлиқ хавотирлар кескин камайган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишини қайд этган аҳоли улуши апрель ойидаги 28 фоиздан майда 19 фоизгача тушган. Валюта курсининг ўзгаришини кўрсатганлар улуши ҳам 27 фоиздан 19 фоизгача камайган.

Тадбиркорларда валюта курсини инфляцион омил деб билганлар улуши 28 фоиздан 16 фоизгача, хомашё нархларини кўрсатганлар эса 33 фоиздан 19 фоизгача пасайган.

Бу инфляцион босим йўқолганини эмас, балки унинг манбаси респондентлар тасаввурида ўзгараётганини англатади: аввалги даврларда озиқ-овқат, импорт ва курс ўзгаришлари устун бўлган бўлса, май ойида коммунал тарифлар ҳамда энергия харажатлари биринчи ўринга чиқди.

Аҳоли сезаётган инфляция кутилмалардан бироз юқори

Май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 10,3 фоизни ташкил қилган. Бу келгуси 12 ой учун билдирилган 10,1 фоизлик кутилмадан бироз юқори.

Мазкур тафовут катта эмас. Бу аҳоли келажакдаги нархлар ўсиши ҳозир сезилаётган даражадан кескин тезлашишини кутмаётганини кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, сезилган инфляция ҳам апрель ойидаги 11,1 фоиздан майда 10,3 фоизгача пасайган.

Аҳоли нархи энг кўп ошган маҳсулот сифатида яна гўшт ва сут маҳсулотларини қайд этган. Респондентларнинг 54 фоизи ушбу тоифадаги нархлар ўсишини сезган. Бу апрель ойидаги 56 фоиздан бироз паст бўлса-да, бошқа барча товар ва хизматлардан анча юқори.

Иккинчи ўринга бензин ва ёқилғи чиққан. Уларнинг қимматлашишини сезганлар улуши бир ойда 28 фоиздан 31 фоизгача ошган. Мева-сабзавотлар 29 фоиз, электр энергияси ва табиий газ эса 25 фоиз респондент томонидан қайд этилган.

Шундай қилиб, аҳоли гўшт ва сут маҳсулотларини амалдаги нархлар ўсишининг асосий манбаси деб билаётган бўлса, келажакдаги инфляцион хавфни кўпроқ коммунал хизматлар ва энергия тарифлари билан боғламоқда.

Даромади юқори аҳоли нархлар тезроқ ошишини кутмоқда

Инфляцион кутилмалар даромад гуруҳлари бўйича ҳам кескин фарқ қилган. Ойига 30 млн сўмдан юқори даромад олувчи респондентлар келгуси 12 ойлик инфляцияни ўртача 13,9 фоиз деб баҳолаган.

Даромади 15–20 млн сўм бўлганларда кутилма 12,6 фоизни, 10–15 млн сўмлик гуруҳда 12,2 фоизни ташкил қилган. Даромади 2 млн сўмгача бўлган респондентларда эса кўрсаткич 8,2 фоиз билан чекланган.

Шунга ўхшаш ҳолат сезилган инфляцияда ҳам кузатилган. Даромади 30 млн сўмдан юқори бўлганлар нархлар ўсишини 13,5 фоиз деб баҳолаган бўлса, 2 млн сўмгача даромад олувчиларда бу кўрсаткич 8 фоизни ташкил қилган.

Бу фарқ юқори даромадли респондентларнинг истеъмол савати кенгроқ экани, кўпроқ турдаги товар ва хизматлардан фойдаланиши ҳамда нархлар ўзгаришини турли йўналишларда сезиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тошкент аҳолиси, Жиззах тадбиркорлари энг юқори инфляцияни кутмоқда

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида қайд этилган — 12 фоиз. Сурхондарёда кўрсаткич 11,8 фоизни, Фарғонада 11,7 фоизни ташкил қилган.

Энг паст кутилмалар Наманган вилоятида кузатилган — 8,7 фоиз. Андижон ва Навоий вилоятларида кўрсаткич 8,8 фоиздан шаклланган.

Тадбиркорлар орасида энг юқори инфляцион кутилма Жиззах вилоятида — 11,9 фоиз. Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида кўрсаткич 11,5 фоиздан қайд этилган. Энг паст натижа Андижонда кузатилиб, 8,1 фоизни ташкил қилган.

Соҳалар бўйича қурилиш корхоналари нархлар энг тез ошишини кутмоқда — 11,9 фоиз. Бу соҳанинг қурилиш материаллари, транспорт, энергия ва ишчи кучи харажатларига бир вақтнинг ўзида боғлиқлиги билан изоҳланиши мумкин. Умумий овқатланиш соҳасида эса инфляцион кутилма 8,5 фоиз билан энг паст даражада шаклланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+