Икки томонлама Ой парвози: Япония ва АҚШ компаниялари SpaceX ракетасида янги Ой миссиясини бошлади
Мамлакатларнинг Ойни ўрганиш бўйича кураши бир неча йил ичида совуқ уруш давридаги космик пойгага ўхшаш рақобатга айланиб кетиши мумкин.
15 январь куни Флоридадаги Кеннеди космик марказидан SpaceX ракетаси ёрдамида иккита Ойга қўнувчи аппарат муваффақиятли учирилди. Ушбу ноёб “икки томонлама Ой парвози” миссияси Япониянинг Ispace компанияси ва АҚШнинг Firefly Aerospace фирмаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Бу миссия халқаро миқёсда Ой тадқиқотларига бўлган қизиқишнинг кескин ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ispace’нинг миссияси
Япониянинг Ой тадқиқотларига ихтисослашган Ispace компанияси ўзининг Hakuto-Р Mission 2 номли янги миссиясини бошлади. Бу Япониянинг Ойга қўнишга бўлган иккинчи уриниши ҳисобланади. Компания 2023 йил апрель ойида амалга оширилган биринчи миссияда баландликни нотўғри ҳисоблаш сабабли муваффақиятсизликка учраган эди.
Энди эса компания ўзининг Resilience номли қўнувчи аппаратини ернинг энг яқин қўшнисига учирди. Ушбу аппарат нафақат янги умид, балки технологик инновациялар билан бойитилган. Resilience таркибида 16 миллион долларлик мижоз юклари ва компания томонидан ишлаб чиқилган Micro Rover ой машинаси (Лунаровер) мавжуд. Ушбу ровер Ой юзасидан намуналар йиғишга мўлжалланган.
Режалар муваффақиятли амалга ошса, Resilience аппарати учирилгандан 4-5 ой ўтиб, яъни 2025 йилнинг май ёки июнь ойларида Ойга қўнади.
“Firefly билан биргаликда амалга оширилган бу “йўловчи юк” ташиш миссияси Ой тадқиқотларига бўлган тижорий қизиқишнинг ошаётганини яққол кўрсатади” – деди Ispace бош директори Такеши Ҳакамада Токиода ўтказилган матбуот анжуманида.
Firefly’нинг Blue Ghost миссияси
АҚШнинг Техас штатида жойлашган Firefly Aerospace компанияси эса ўзининг илк Ой миссиясини Blue Ghost номи остида амалга оширмоқда. Ушбу аппарат NASA’нинг Тижорий Ойга юк ташиш хизматлари (CЛПС) дастурининг учинчи миссияси ҳисобланади. Мазкур дастур Ой юзасини ўрганиш ва келгусида инсонларни юбориш учун хусусий тадқиқотларни кенгайтиришга йўналтирилган.
Blue Ghost аппарати 2025 йил 2 март куни Ойга етиб бориши режалаштирилган. У 10 та NASA томонидан молиялаштирилган илмий юкларни ва Blue Origin компаниясига тегишли Honeybee Robotics номли ой машинасини олиб боради.
Ой янги мусобақа майдони?
Бугунги кунда давлатлар ва хусусий компаниялар Ойни тадқиқ қилиш ва ундан келажакда ресурсларни қазиб олиш ёки база қуриш учун фойдаланишни мақсад қилмоқда. Ушбу мусобақа илм-фан ривожи билан бирга миллий обрў ва глобал геополитик рақобатнинг янги саҳнасига айланмоқда. Бир неча йилда бу жараён Совуқ уруш давридаги космик пойгага ўхшаш рақобатга айланиб кетиши эҳтимоли бор.
NASA 2027 йилга қадар Artemis дастури орқали инсонларни Ойга қайтаришни режалаштираётган бўлса, Хитой 2030 йилга бориб ўз астронавтларини Ойга юборишни мақсад қилган. Россиянинг бу борадаги режаларига оид аниқ маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.
Япониянинг Ispace компанияси ва АҚШнинг Firefly Aerospace фирмаси томонидан амалга оширилаётган бу “икки томонлама Ой парвози” миссияси космик тадқиқотлар тарихида янги саҳифа очмоқда. Инсоннинг Ойга қайтиши ва уни ўрганиши бўйича глобал пойганинг кейинги босқичлари қандай ривожланишини вақт кўрсатади.