I чоракда микромолия хизматлари ҳажми 35,8 трлн сўмга етди
Бозорнинг асосий қисми ҳануз банклар ҳиссасига тўғри келмоқда, бироқ уларнинг улуши бир йил ичида 79,7 фоиздан 66 фоизгача қисқарган. Шу даврда микромолия ташкилотлари улуши эса 18,3 фоиздан 31,2 фоизгача ошган.

Марказий банкнинг 2026 йил I чораги бўйича микромолия хизматлари бозори шарҳига кўра, ушбу сегментда бозор таркиби сезиларли ўзгарган.
Банклар ҳануз асосий иштирокчи бўлиб қолмоқда, бироқ уларнинг улуши 2025 йил I чорагидаги 79,7 фоиздан 66 фоизга тушган. Микромолия ташкилотлари улуши эса 18,3 фоиздан 31,2 фоизга ошган. Ломбардлар улуши ҳам бироз кўпайиб, 2,8 фоизни ташкил этган.
Банклар томонидан кўрсатилган микромолия хизматлари ҳажми 2026 йил I чорагида 23,6 трлн сўм атрофида шаклланди. Шундан 9,8 трлн сўми давлат улуши мавжуд банклар, 13,8 трлн сўми эса хусусий банклар ҳиссасига тўғри келган. Давлат улуши мавжуд банкларда микромолия хизматлари ҳажми бир йил ичида 3 трлн сўмга ёки 44 фоизга ошган, хусусий банкларда эса 3,8 трлн сўмга ёки 21 фоизга камайган.
Давлат улуши мавжуд банклар орасида энг юқори кўрсаткич Агробанкда қайд этилган — банк I чоракда 3,7 трлн сўмлик микромолия хизматлари кўрсатган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Кейинги ўринларда Ўзмиллийбанк — 1,4 трлн сўм ва Халқ банки — 1,2 трлн сўм билан қайд этилган.
Хусусий банклар орасида эса етакчилик Ипотека-банк ҳиссасига тўғри келган. Банк томонидан I чоракда 2,1 трлн сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, Ҳамкорбанкда бу кўрсаткич 1,9 трлн сўм, Анорбанкда эса 1,7 трлн сўмни ташкил қилган. Шу билан бирга, Анорбанкда ҳажм ўтган йилга нисбатан 12 фоизга камайган.
Микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 11,2 трлн сўмга етган. Ушбу ҳажмнинг катта қисми бир нечта ташкилот ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, TezCoin I чоракда 6,4 трлн сўмлик хизмат кўрсатиб, микромолия ташкилотлари сегментидаги улушини 57 фоизга етказган. Shaffof-moliya улуши 10 фоиз, Fortuna biznes улуши эса 3 фоиз бўлган. Қолган 130 та микромолия ташкилоти жами 3,3 трлн сўмлик хизмат кўрсатган.
Ломбардлар томонидан кўрсатилган микроқарзлар ҳажми 1 трлн сўмни ташкил қилган. Бу сегментда энг юқори кўрсаткич “Олтин” ломбардида қайд этилган — 140 млрд сўм. Кейинги ўринларда “Ҳашаматли чинор” — 55 млрд сўм ва Maximum — 30 млрд сўм билан жойлашган.
Маҳсулотлар кесимида микромолия хизматларининг асосий қисмини микроқарзлар ташкил қилмоқда. I чорак якунларига кўра, микроқарзлар ҳажми 26,6 трлн сўм бўлиб, жами микромолия хизматларининг 74 фоизига тенг бўлган. Микрокредитлар ҳажми эса 9,2 трлн сўм ёки 26 фоизни ташкил қилган. Микроқарзлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 0,7 трлн сўмга камайган, микрокредитлар эса 5,9 трлн сўмга ёки 2,8 баробарга ошган.
Ҳудудлар кесимида микромолия хизматларининг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. I чоракда пойтахт ҳиссасига 20,6 трлн сўм, яъни жами хизматларнинг 58 фоизи тўғри келган. Энг юқори ўсиш эса Андижон вилоятида кузатилган — +631 млрд сўм ёки +90 фоиз. Шунингдек, Самарқанд вилоятида микромолия хизматлари 541 млрд сўмга ёки 66 фоизга, Тошкент вилоятида эса 463 млрд сўмга ёки 46 фоизга ошган.









