HUMO карталари бўйича SMS-хабарнома нархи оширилмайди
13131 қисқа рақами орқали HUMO карталари бўйича юбориладиган SMS-хабарномалар нархини 168,40 сўмга ошириш режаси бекор қилинди. Фойдаланувчилар мурожаатлари ва хизмат аҳамияти инобатга олиниб, HUMO ҳамда Octotelecom ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида амалдаги тариф сақлаб қолинди. Шу тариқа, 1-майдан бошлаб ҳар бир SMS-хабар учун тўлов ўзгармайди ва 84,2 сўмни ташкил этади.

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) маълум қилишича, HUMO карталари бўйича SMS-хабарномалар нархи аввалги даражада сақлаб қолинади.
Аввалроқ, 13131 қисқа рақами орқали SMS-хабарнома хизматларини тақдим этувчи Octotelecom МЧЖ 2026-йил 1-майдан бошлаб хизмат нархини 84,2 сўмдан 168,40 сўмга оширишини маълум қилган эди.
Шу муносабат билан HUMO фойдаланувчилар мурожаатлари ва хизматнинг аҳамиятини инобатга олиб, Octotelecom манзилига амалдаги тарифларни сақлаб қолиш бўйича расмий таклиф юборди.
Қўшимча таҳлиллар ва конструктив музокаралар натижасида амалдаги тарифни сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1-майдан бошлаб 13131 рақамидан келувчи ҳар бир SMS-хабар нархи ўзгармайди ва 84,2 сўмни ташкил этади.
“Тарифнинг сақлаб қолиниши вазиятни биргаликда баҳолаш ва карта эгалари учун молиявий юкни оширмасдан хизматнинг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган мувозанатли ечим натижаси бўлди”, — дейилади баёнотда.









