Fitch “Ўзметкомбинат” рейтингини яна пасайтирди
Fitch Ratings “Ўзметкомбинат” рейтингини “B+”дан “B”га пасайтирди. Агентлик бунга янги ясси пўлат мажмуасининг секин қувватга чиқаётгани, хомашё ва логистика муаммолари ҳамда компания қарз юки 2028 йилгача юқори қолишини сабаб қилиб кўрсатган.

Fitch Ratings “Ўзметкомбинат” АЖнинг узоқ муддатли эмитент рейтингини “B+”дан “B”га пасайтирди. Компаниянинг мустақил кредит профили эса “b”дан “b−”га туширилган. Рейтинг бўйича прогноз “Ижобий” даражада сақлаб қолинди.
Агентлик қарорни янги ясси пўлат ишлаб чиқариш мажмуасининг лойиҳавий қувватга секин чиқаётгани билан изоҳлади. Fitch’га кўра, бунга хомашё таъминотидаги қийинчиликлар ва логистика чекловлари сабаб бўлмоқда. Компаниянинг EBITDAга нисбатан ялпи қарз юки 2025 йилдаги 7 баравардан 2028 йилдагина 4 баравардан пастга тушиши кутилмоқда.
Бу “Ўзметкомбинат” рейтинги кетма-кет иккинчи бор пасайтирилаётганини англатади. Компания рейтинги 2025 йил февралида “BB−”дан “B+”га туширилган эди. Орадан қарийб бир ярим йил ўтиб рейтинг яна бир поғонага пасайди.
Янги қуйиш ва прокат мажмуаси 2025 йил охирида ишга тушган. Danieli технологияси асосидаги лойиҳа йилига 1 млн тонна иссиқ прокатланган пўлат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, унинг қиймати €785 млнни ташкил қилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида мажмуада 67 минг тонна суюқ пўлат ва 48 минг тонна HRC ишлаб чиқарилган.
Fitch фикрича, янги мажмуанинг тўлиқ қувватга чиқиши учун DRI ёки pellet каби хомашё таъминоти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. “Ўзметкомбинат” DRI’ни 2027 йилда ишга туширилиши кутилayotgan Тожикистон металлургия заводидан олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, компания Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан $180 млнлик DRI заводи қуриш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
“Ўзметкомбинат” Ўзбекистондаги пўлат маҳсулотларининг 70 фоизини ишлаб чиқаради ва ички истеъмолнинг учдан биридан кўпроғини қоплайди. Компаниянинг 93 фоиз улуши давлатга тегишли. Fitch шу сабаб компанияни давлат билан боғлиқ корхона сифатида баҳолаб, мустақил кредит профилига бир поғона қўллаб-қувватлаш устамасини қўшган.
Агентлик баҳолашича, агар Ўзбекистон суверен рейтинги оширилса, “Ўзметкомбинат” учун давлат қўллаб-қувватлаши ҳисобидан рейтинг устамаси бир поғонадан икки поғонагача ошиши мумкин. Бу “Ижобий” прогнознинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, Fitch компаниянинг қарз юкини ҳали ҳам юқори деб баҳоламоқда. 2026 йилда EBITDAга нисбатан ялпи қарз юки 6,9 баравар атрофида бўлиши кутилмоқда. Агентликнинг базавий сценарийсига кўра, компания 2028 йилгача дивиденд тўламайди.
Ликвидлик бўйича ҳам босим сақланмоқда. “Ўзметкомбинат”нинг 2025 йил охиридаги нақд пул қолдиғи 448 млрд сўмни ташкил қилган, қисқа муддатли тўлов мажбуриятлари эса 941 млрд сўм бўлган. Давлат томонидан кўрсатилган сўнгги ёрдамлар ҳисобидан компания нақд пул қолдиғи 2026 йил 30 июнь ҳолатига қарийб $100 млн даражасига етган.









