Дастлабки беш ойликда қайси овқатланиш корхонаси энг кўп солиқ тўлади?
2025 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистондаги умумий овқатланиш соҳаси корхоналари томонидан қарийб 663 миллиард сўм солиқ тўланди. Бу маблағнинг бешдан бир қисми энг йирик 20 та компания ҳиссасига тўғри келган бўлиб, улардан KFC, Evos ва Oqtepa Lavash тармоқлари етакчилик қилмоқда.

Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистондаги умумий овқатланиш корхоналари томонидан жами 663,4 миллиард сўм солиқ тўланган. Бу маблағнинг 19,1 фоизи ёки 126,4 миллиард сўми ТОП-20 талик йирик солиқ тўловчи корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, ушбу етакчи компаниялар 15,5 миллиард сўм миқдоридаги солиқ имтиёзларидан ҳам фойдаланган.
Давр мобайнида умумий овқатланиш соҳаси бўйича товар айланмаси 7,8 триллион сўмни ташкил қилган бўлиб, шундан 20,7 фоизи ёки 1,6 триллион сўми айнан шу ТОП-20 компания ҳиссасига тўғри келади.
Энг кўп солиқ тўлаган компания — халқаро KFC тармоғининг Ўзбекистондаги франшизаси ҳисобланган International Foodchain бўлди. Бу корхона беш ойда 37,7 миллиард сўм солиқ тўлаб, рейтингда биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ўринга эса 26 миллиард сўм солиқ тўлаган Mak Food Servis компанияси жойлашди. Ушбу компания мамлакат бўйлаб танилган Evos бренди остида фаолият юритади. Кучли учликни эса 15 миллиард сўмлик солиқ билан Oqtepa Food Service якунлади — бу корхона машҳур Oqtepa Lavash тармоғининг асосий оператори ҳисобланади.
Тўртинчи ўринни 13,9 миллиард сўмлик солиқ тўлови билан Ketring компанияси эгаллади. Кейинги ўринларда эса солиқ миқдори сезиларли даражада камаяди: Feedup Eco беш ойда 3,2 миллиард сўм, Savdo 3,1 миллиард сўм, PJ Eastern Group ва Wencaf эса ҳар бири 2,8 миллиард сўмдан солиқ тўлаган. Chef Katering корхонаси 2,7 миллиард сўм солиқ тўлаб, рейтингда навбатдаги ўринга жойлашди.
Vanilla Food компанияси 2,3 миллиард сўм, French Pastry эса 2,1 миллиард сўм солиқ тўлаган. Vanilla Food Ўзбекистонда машҳур Safia бренди остида фаолият олиб боради.
Рейтингни Sam Agro Star, Оҳангарон Турон Барака, Lambic ва Efendi Co каби компаниялар якунлаб берган.