ChatGPT суҳбатларини тез орада Gemini’га юклаш имкони пайдо бўлиши мумкин
Google Gemini сунъий интеллект ёрдамчисида ChatGPT суҳбатларини импорт қилиш имконини берувчи янги функция синовдан ўтказилмоқда. Ушбу янгилик фойдаланувчиларга бошқа AI платформаларида олиб борилган суҳбатлар, промптлар ва иш контекстини сақлаган ҳолда Gemini’га ўтиш имконини беради.

Google Gemini сунъий интеллект ёрдамчисида бошқа AI платформаларидан чат тарихини импорт қилиш имконини берувчи янги бета функцияни тест қилмоқда. Бу янгилик AI соҳасида тобора долзарб бўлиб бораётган “экотизимга қамалиб қолиш” (ecosystem lock-in) муаммосига ечим бўлиши мумкин.
TestingCatalog ва бир нечта технологик нашрлар хабарига кўра, Gemini иловасининг бириктирма (atachment) менюсида “Import AI chats” (“AI чатларини импорт қилиш”) опсияси пайдо бўлган. Ушбу функция орқали фойдаланувчилар ChatGPT, Claude ва Microsoft Copilot каби платформалардан суҳбатларни экспорт қилиб, уларни Gemini’га юклаши ва суҳбатни тўлиқ контекст сақланган ҳолда давом эттириши мумкин.
Янги имконият, айниқса, ойлар давомида бошқа AI ёрдамчиларида промптлар, созламалар ва лойиҳа тарихини йиғиб келган фойдаланувчиларга қаратилган. Ҳозирга қадар ChatGPT, Gemini ва Claude каби йирик чатботлар фойдаланувчи одатлари ва афзалликлари асосида индивидуал маълумот базаларини шакллантириб келган, бироқ бу маълумотларни хизматлар ўртасида кўчириш имкони мавжуд эмас эди.
Google’нинг ушбу импорт функцияси ёрдамчини алмаштиришда тадқиқот ёки иш жараёнини бошидан-бошлаш заруратини камайтиришни мақсад қилган.
Дастлабки синовларга кўра, функция ҳозирча аксарият фойдаланувчилар учун яширин ҳолатда. Бироқ яқин вақт ичида у кенг омма учун ҳам очилиши эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, Gemini’даги расм яратиш имкониятлари ҳам янгиланмоқда. Эндиликда фойдаланувчиларга 2 ва 4К форматларда тасвирларни юклаб олиш таклиф этилади. Юқори сифатли вариантлар “best for print” (“босма учун энг яхши”) деб белгиланган бўлиб, бу AI-generated тасвирлардан жисмоний маҳсулотлар ва чоп этиладиган материалларда фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.









