12 023.610 so‘m

increase

9.240

13 236.790 so‘m

decrease

-43.890

145.540 so‘m

decrease

-0.650

12 023.610 so‘m

increase

9.240

6 соат аввал
Технология
117

ChatGPT, Claude ёки Gemini: ўзбекча матнлар учун қайси AI арзонроқ?

Gorgona AI ўзбек тилидаги матнларни қайта ишлаш учун қайси сунъий интеллект модели арзонроқ тушишини ўрганиб чиқди. 

Тўққизта модель таққосланган тадқиқотда энг арзон ва энг қиммат вариантлар ўртасидаги тафовут қарийб 40 бараварга етган. 

Ҳатто токен нархи бир хил бўлган GPT-5.6 Sol ва Claude Opus 5.5 моделларида ҳам харажатлар 70 фоизга фарқ қилган.

ChatGPT, Claude ёки Gemini: ўзбекча матнлар учун қайси AI арзонроқ?

Ўзбекистоннинг Gorgona AI технология компанияси “Бир маъно, турли нарх: Сунъий интеллект учун ўзбек тили қанчага тушади?” номли тадқиқотини эълон қилди. Унда 1 337 та бир хил мазмундаги матн 15 та токенизатор орқали текширилган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, йирик AI компаниялари барча тиллар учун бир хил токен нархини белгиласа-да, ўзбек тилидаги матнлар инглизчага қараганда кўпроқ токен эгаллайди. Натижада мазмунан бир хил матнни қайта ишлаш учун юқорироқ ҳақ тўлашга тўғри келади.

Токен — сунъий интеллект матнни қайта ишлашда фойдаланадиган бирлик. Модель матнни бутун сўзлар ёки ҳарфлар билан эмас, токенизатор ажратиб берадиган бўлаклар орқали қабул қилади. API хизматларида эса ҳақ одатда ишлатилган токенлар миқдорига қараб ҳисобланади.

Муаммо шундаки, аксарият йирик моделларни ишлаб чиқишда инглиз тилидаги маълумотлардан кўпроқ фойдаланилган. Шу сабабли инглизча сўзлар кўпинча битта токенни эгалласа, ўзбекча сўзлар қўшимчалари билан бирга ўртача деярли учта токенга бўлинади.

Масалан, “китобларимиздан” сўзи OpenAI токенизаторида бешта токенга ажратилиши мумкин. Бу ўзбек тилидаги сўзларнинг тузилиши билан бирга, токенизатор луғатида ўзбекча сўз ва қўшимчаларнинг етарлича акс этмагани билан ҳам боғлиқ.

Қайси AI моделлари ўзбек тилига кўпроқ токен сарфлайди?

Gorgona AI’нинг FLORES матнлар тўпламидаги ўлчовлари қуйидаги натижаларни кўрсатган:

AI провайдериИнглизчага нисбатан токенлар
OpenAI1,78 баравар
Google Gemini 3.8 Flash1,90 баравар
Anthropic Claude1,93 баравар
Google Gemini 4 Argon1,95 баравар
Qwen2,04 баравар
DeepSeek2,13 баравар

Кўрсаткичлар бир хил мазмундаги матннинг ўзбек лотин ёзувидаги ва инглиз тилидаги вариантларини таққослаш асосида ҳисобланган. Бошқа матнлар тўпламларида фарқ 1,55–2,17 баравар оралиғида бўлган.

Ўзбек тилидаги матнлар рус тилига нисбатан ҳам 1,24–1,54 баравар кўпроқ токен талаб қилган.

Тадқиқотчилар ўзбек тилида дастлаб ёзилган матнлар билан инглиз тилидан таржима қилинган матнлар ўртасида ҳам фарқ борлигини аниқлаган. Биринчи ҳолатда қўшимча харажат нисбатан пастроқ, таржима қилинган матнларда эса юқорироқ бўлган.

Токен нархи бир хил бўлса ҳам, якуний харажатлар 70 фоизга фарқ қилмоқда

Тадқиқотдаги энг қизиқарли натижалардан бири OpenAI ва Anthropic моделларининг таққосланишидир.

Gorgona AI ҳисоб-китобларига кўра, Claude Opus 5.5 ва GPT-5.6 Sol моделларида миллион токен учун белгиланган нарх бир хил бўлган. Бироқ бир хил ўзбекча матнни қайта ишлашда Claude токенизатори 70 фоиз кўпроқ токен сарфлаган.

Масалан, инглиз тилида 1 млн сўздан иборат матн ҳажмининг ўзбекча таржимасини қайта ишлаш қуйидагича баҳоланган:

  • Claude Opus 5.5 — 14,78 доллар;
  • GPT-5.6 Sol — 8,70 доллар.

Шу сабабли тадқиқотчилар компанияларга AI моделини фақат миллион токен учун белгиланган нарх асосида эмас, ўз матнларини қайта ишлашнинг якуний қиймати бўйича танлашни тавсия қилмоқда.

Ўзбекча жавоблар ҳам қимматроқ

Харажатлар фақат сунъий интеллектга юбориладиган матн билан чекланмайди.

Gorgona AI GPT-5.6 Luna ва Claude Haiku 5.5 моделларига бир хил мазмундаги матнларни қисқача баён қилиш ва саволларга жавоб бериш вазифаларини берган.

Натижада ўзбек тилида яратилган кўринадиган жавоблар инглиз тилидагига нисбатан 1,7–1,8 баравар кўпроқ харажат талаб қилган. Бунда жавобларнинг белгилар сони деярли бир хил бўлган.

Claude Haiku 5.5 моделида эса қўшимча тафовут кузатилган. Модель айрим ўзбекча сўровларга жавоб беришда фойдаланувчига кўринмайдиган ички мулоҳазалар учун кўпроқ токен ишлатган. Натижада ушбу токенлар ҳам ҳисобга олинганда жавоб харажатлари инглизчага нисбатан 2,1–2,3 бараваргача ошган.

Бироқ тадқиқотчилар бу натижа фақат текширилган модель ва вазифаларга тегишли эканини таъкидлаган. Уни барча сунъий интеллект моделларига татбиқ этиб бўлмайди.

Кирилл ва лотин ёзувидаги харажатлар ҳам фарқ қилади

Тадқиқотда ўзбек тилининг кирилл ва лотин ёзувлари ҳам солиштирилган.

Claude моделларида икки ёзув деярли бир хил токен талаб қилган. Бошқа провайдерларда эса фарқ 7–23 фоизгача етган.

Бундан ташқари, ўзбек лотин ёзувидаги “oʻ” ва “gʻ” ҳарфларида ишлатиладиган апострофнинг турлича ёзилиши ҳам токенлар сонига таъсир қилиши аниқланган. Апострофнинг ягона шаклидан фойдаланиш айрим ҳолларда токенларни 5 фоизгача тежаши мумкин.

Тадқиқотчилар ўзбек лотин алифбосига таклиф этилган ўзгаришларнинг таъсирини ҳам ҳисоблаб чиққан. Унга кўра, “oʻ”, “gʻ”, “sh” ва “ch” бирикмаларини мос равишда “ö”, “ğ”, “ş” ва “ç” шаклида ёзиш Claude, Gemini ва Qwen моделларида токенлар сонини 2–4 фоизга камайтиради.

OpenAI ва DeepSeek моделларида эса сезиларли ўзгариш кузатилмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+