Bitcoin нархи илк бор $118 000 дан ошди
Сўнгги 24 соат ичида Bitcoin нархи 6 фоиздан ортиққа ошди. Мутахассислар фикрига кўра, криптовалютанинг қиймати яқин ҳафталарда $120,000–$128,500 оралиғига етиши мумкин.

2025 йил 11 июль тонгида Bitcoin (BTC) яна бир тарихий маррани забт этди. Криптовалютанинг нархи илк бор $118 минг чегарасини босиб ўтди ва янги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилди. Ушбу хабар тайёрланаётган пайтда BTC $118,277 атрофида савдо қилинмоқда ва нарх ошишда давом этмоқда.
Сўнгги 24 соат ичида Bitcoin қиймати 6 фоиздан кўпроққа ўсди. Мутахассислар бу ўсишни бир нечта асосий омиллар билан боғламоқда. Хусусан, АҚШда Федерал Резерв томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши кутилаётгани, шунингдек, йирик институционал инвесторлар томонидан криптобозорга катта маблағлар йўналтирилаётгани ушбу кўтарилишга туртки бўлмоқда.
Бундан ташқари, “Coinbase Premium” индекси сўнгги 20 кун давомида ижобий ҳолатда сақланмоқда. Бу эса АҚШдаги йирик инвесторлар ва чакана фойдаланувчиларнинг фаоллиги юқорилигини, яъни улар томонидан кучли харидлар амалга оширилаётганини англатади.

Техник таҳлилларга кўра, Bitcoin нархининг $109,000 даражасидан юқорилаши уни $118,000 оралиғидаги янги босқичга олиб чиқди. Бозор таҳлилчилари $113,000–$118,000 диапазонини “ликвидация магнити” деб атамоқда — бу зона нархнинг кескин ва фаол ҳаракатига сабаб бўлаётган асосий ҳудуд ҳисобланади.
Янги рекорддан сўнг экспертлар Bitcoin нархининг яқин ҳафталарда $120,000–$128,500 оралиғига чиқишини эҳтимолий деб баҳоламоқда.