Биринчи чоракда энг кўп фойда олган ТОП-10 банк
Очиқланган маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари жорий йил биринчи чорагини 3,4 трлн сўмдан ортиқ соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41,7 фоизга кўпроқдир.

Очиқланган маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари жорий йил биринчи чорагини 3 трлн 419 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41,7 фоизга кўпроқдир.
Энг кўп фойда кўрган ТОП-10 банклар:
1. Ўзмиллийбанк — 467,9 млрд(+0,6%)
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (NBU) 2025 йил биринчи чораги якунида 467,9 миллиард сўм соф фойда қайд этган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз (0,6 фоиз) юқоридир. Ҳозирда банкнинг умумий активлари 136,9 трлн сўмга ($10,54 млрд) етган бўлиб, йил бошидан бери 1,9 трлн сўмга ошган. Устав капитали эса 16,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда.
2. SQB — 404 млрд сўм(+18,9%)
SQB чоракни 404 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ёки 64,2 млрд сўмга кўпайган.
Ўзсаноатқурилишбанк’нинг жами активлари 2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 93,4 трлн сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,9 фоизга ошган.
Банкнинг фоизли даромадлари 2,5 трлн сўмни ташкил этди. Бироқ кредит ва лизингдан келиши мумкин бўлган эҳтимолий йўқотишлар ҳисобдан чиқарилганда, соф фоизли даромад бўйича 779 млрд сўм миқдорида зарар қайд этилган. Фоизсиз даромадлар эса 2,1 трлн сўмга етган(+33,8%).
3. Ҳамкорбанк — 393,4 млрд сўм(+23,1%)
Ҳамкорбанк чоракни 393 млрд 409 млн сўм соф даромад билан якунлаган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 23,1 фоизга кўпроқдир.
Банкнинг жами активлари ҳозирда 29,6 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу миқдор чорак давомида 879 млрд сўмдан кўпроққа ошган. Банкнинг фоизли даромадлари 1,2 трлн сўмни ташкил этди (соф фоизли даромад — 265,5 млрд сўм). Шунингдек, фоизсиз даромадлар 1,1 трлн сўмга етди.
4. Orient Finans Bank(OFB) — 282,1 млрд сўм(+47%)
Уч ойлик якунларга кўра, Orient Finans Bank 282,1 миллиард сўм соф фойда олди. Бу натижа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўпроқдир.
Банкнинг жами активлари 18,3 триллион сўмни ташкил этиб, ҳисобот даври бошидан бери 1,4 триллион сўмдан кўпроққа ошган. Банкнинг фоизли даромадлари 542,2 миллиард сўмни, соф фоизли даромадлари 292,2 миллиард сўмни ташкил қилган. Фоизсиз даромадлар эса 245,5 миллиард сўмни ташкил этди.
5. Ипак йўли банки — 280,4 млрд сўм(+20,6)
Ипак йўли банкининг бу даврдаги соф фойдаси 280,4 миллиард сўмни ташкил этди. Рақамлар 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 фоизга кўпроқдир.
Банкнинг жами активлари ҳозирда 23,2 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Устав капитали эса 602,4 миллиард сўмни ташкил этади. Bank ушбу даврда 1,2 триллион сўмлик фоизли даромад олган бўлиб, соф фоизли даромад 352,5 миллиард сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлар эса 376,8 миллиард сўмга етган.
6. Капиталбанк — 276,3 млрд сўм (−26,9%)
Капиталбанк биринчи чоракни 276 миллиард 346 миллион сўм соф фойда билан якунлади. Бу натижа 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 26,9 фоизга камдир.
Банкнинг жами активлари ҳозирда 47,8 триллион сўмни ташкил этмоқда. Дастлабки чоракда банк активлари 466 миллиард сўмга ошган. Фоизли даромадлар 1,76 триллион сўмни, фоизсиз даромадлар эса 1,1 триллион сўмни ташкил қилган.
7. Трастбанк — 200,8 млрд сўм (+3,3%)
Трастбанк 2025 йилнинг биринчи чорагини 200,8 миллиард сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 фоизга ёки 6,5 миллиард сўмга кўпроқдир.
Банкнинг жами активлари 12,2 триллион сўмни ташкил қилади. Bank фоизли даромадлар бўйича 486 миллиард сўм натижа кўрсатган бўлса, соф фоизли даромад 234 миллиард сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлар эса 218,3 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.
8. BRB— 196,4 млрд сўм (+149,8%)
Бизнесни ривожлантириш банки дастлабки чоракда 196,4 миллиард сўм соф даромад қайд этди. Бу ўтган йилга нисбатан 149,8 фоизга кўпроқдир. Маълумот учун, банк 2024 йилда 2,2 трлн сўмлик соф зарар билан, 36 та банк ичида энг кўп зарар кўрган банк бўлган.
Ҳозирда BRB’нинг жами активлари 33,9 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Ҳисобот даврида банк фоизли даромадлардан 1,6 триллион сўм, фоизсиз даромадлардан эса 666,7 миллиард сўм олган.
9. KDB Uzbekistan — 149 млрд сўм (+36,8%)
KDB Uzbekistan 2025 йил биринчи чорагида 149 миллиард сўм соф фойда кўрсатди. Бу ўтган йилга нисбатан 36,8 фоиз ўсиш демакдир.
Банкнинг жами активлари ҳозирда 9,3 триллион сўмни ташкил этмоқда. Фоизли даромадлар 201,9 миллиард сўмни, фоизсиз даромадлар эса 71,7 миллиард сўмни ташкил қилган.
10. Давр банк — 129,8 млрд сўм (+22,2%)
Давр банк биринчи чоракни 129,8 миллиард сўмлик соф фойда билан якунлади. Бу 2024 йилнинг мос даври билан таққослаганда 22,2 фоизга кўпроқдир.
Банкнинг жами активлари ҳозирда 10,4 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Ҳисобот даври бошидан бери активлар 1 триллион сўмдан кўпроққа ошган. Bank фоизли даромадлардан 762,4 миллиард сўм, шундан 180,8 миллиард сўм соф фоизли даромад олган. Фоизсиз даромадлар эса қарийб 122 миллиард сўмни ташкил этган.
Изоҳ: ҳисоб-китоб вақтида рақамлар яхлитланган