Бир йилда беш йиллик рекорд янгиланди: Ўзбекистонда аҳолининг олтинга қизиқиши тарихий даражага етди
Йил давомида банклар орқали аҳолига умумий оғирлиги 661 килограмм бўлган 33 939 дона ўлчовли олтин қуйма сотилган. Бу кўрсаткич 2020–2024 йилларда сотилган жами олтин ҳажмидан (558 кг) 18,4 фоизга кўп бўлиб, сўнгги беш йиллик рекорд янгиланганини кўрсатади. Харидларнинг асосий қисми 5 ва 10 граммлик қуймалар ҳиссасига тўғри келмоқда

Марказий банкнинг сўнгги шарҳига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг олтинга бўлган қизиқиши шунчаки ўсмаган, балки тарихий даражада ошган.
Бир йилда беш йиллик рекорд янгиланди
2025 йил якунларига кўра, банклар орқали аҳолига умумий оғирлиги 661 килограмм бўлган 33 939 дона ўлчовли олтин қуйма сотилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, биргина 2025 йилда сотилган олтин ҳажми 2020–2024 йиллар давомида сотилган жами олтин ҳажмидан (558 кг) 18,4 фоизга кўп бўлди. Бу эса аҳолининг қимматбаҳо металларга инвестиция сифатида қизиқиши кескин ортганини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, харидорларнинг аксарияти кичик ҳажмдаги қуймаларни афзал кўрмоқда. Банклар орқали сотилган олтинларнинг 60 фоиздан ортиғи 5 ва 10 граммлик қуймалар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳолат бозорга асосан чакана инвесторлар кириб келаётганидан далолат беради.

Олтин даромадлилик бўйича депозитлардан устун
Жаҳон бозорида олтин нархининг муттасил ўсиб бориши унинг инвестицион жозибадорлигини янада кучайтирди.
2025 йилда ўлчовли олтин қуймаларининг даромадлилиги 54,5 фоизни ташкил этди.
Таққослаш учун:
- миллий валютадаги банк депозитларининг ўртача йиллик ставкаси — 19,3 фоиз,
- АҚШ долларидаги депозитлар бўйича даромадлилик эса 4,8 фоиз даражасида қайд этилди.
Энди 0,1 граммдан олтин сотиб олиш мумкин
2025 йил охирига келиб қимматбаҳо металлар бозорида муҳим рақамли янгиликлар жорий этилди. Янги низомга кўра, фуқаролар банкларнинг мобил иловалари орқали “эгасизлантирилган металл ҳисобварағи” очиш имкониятига эга бўлди.
Ушбу тизим инвесторлар учун жисмоний олтин қуймаларини сақлаш заруратини йўқ қилади. Энди фуқаролар 0,1 граммдан бошлаб олтин сотиб олишлари мумкин.
Натижада қисқа вақт ичида умумий қиймати 311,7 миллиард сўмлик (169,74 кг) электрон олтин депозитлари шакллантирилди.









