11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

13 677.200 so‘m

decrease

-88.930

135.610 so‘m

decrease

-1.900

11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

3 соат аввал
Иқтисодиёт
75

Бир хил кредит маблағи, олти баравар фарқли натижа: камбағаллик кредитлари самарадорлиги танқид қилинди

Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳоли сони йил бошидаги 2,2 млн нафардан 1,5 млн нафаргача камайган. 

Бироқ бир хил миқдорда кредит олган айрим туманларда камбағалликни қисқартириш натижалари олти бараваргача фарқ қилган. 

Президент Шавкат Мирзиёев маблағлардан самарасиз фойдаланаётган ҳудудлар раҳбарларини танқид қилди. 

Бир хил кредит маблағи, олти баравар фарқли натижа: камбағаллик кредитлари самарадорлиги танқид қилинди

Эҳтиёжманд аҳоли сони 700 минг нафарга камайди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган йиғилиш бошланди.

Йил бошида республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача тушиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2,2 млн нафарни ташкил этган. Ҳозир бу кўрсаткич 1,5 млн нафаргача камайган.

Шу тариқа, йил бошидан буён эҳтиёжманд аҳоли сони 700 минг нафарга ёки қарийб 32 фоизга қисқарган.

Ишларни самарали ташкил қилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айланаётгани маълум қилинди.

Айни пайтда қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳалладаги масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги танқид қилинди. Президент барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имконият берилганини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

Масъуллар жавобгарликни ўз зиммасига олишдан чўчимоқда

Йиғилишда жойларда кутилган натижага эришилмаётганининг асосий сабаблари ҳам таҳлил қилинди.

Хусусан, “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳалладаги ходимларга қабул қилинган қарорларни қандай амалга ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаётгани айтилди.

Бундан ташқари, айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан тўғри фойдаланиш ва “еттилик” фаолиятига холис баҳо беришни билмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Туман ва маҳаллаларда камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимлар масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчиётгани ҳам танқид қилинди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича 50 йиллик тажрибага эга Хитой ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қуйи тизимга доимий равишда аниқ кўрсатмалар бериб бораётгани қайд этилди.

“Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 трлн сўм ресурс ажратилди. Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти”, — деди президент.

Кредитлар самарадорлигида олти баравар тафовут аниқланди

Йиғилишда ажратилган кредит ресурсларининг натижадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинди.

Жумладан, Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил — 2,3 трлн сўмдан кредит ресурси берилган.

Шароф Рашидов туманида ушбу маблағлар ҳисобига 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бир кишига ўртача 78 млн сўм кредит тўғри келган.

Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманднинг шароити яхшиланган. Бу ерда бир кишига ўртача 176 млн сўм кредит тўғри келган.

Шундай қилиб, бир хил миқдордаги кредит ҳисобига Шароф Рашидов туманида Қарши туманига қараганда 2,3 баравар кўп аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Қаршида бир кишига тўғри келган кредит миқдори ҳам қарийб 2,3 баравар юқори бўлган.

Қамаши ва Пискент туманларига ҳам бир хил — 1,1 трлн сўмдан кредит берилган.

Қамашида ушбу кредитлар ҳисобига 28 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлса, Пискентда бу кўрсаткич атиги 4,5 минг нафарни ташкил этган.

Ҳисоб-китобларга кўра, Қамашида бир кишига қарийб 39 млн сўм, Пискентда эса 244 млн сўм кредит тўғри келади. Президент матбуот хизмати Пискентдаги кўрсаткични яхлитлаб 250 млн сўм деб келтирган.

Натижада бир хил миқдордаги кредит ҳисобига Қамашида Пискентга қараганда 6,2 баравар кўп аҳоли камбағалликдан чиқарилган.

Пискентда бир кишини камбағалликдан чиқаришга тўғри келаётган 250 млн сўм эвазига бошқа ҳудудларда саноат соҳасида юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандихон, Бешариқ ва Фарғона туманлари, шунингдек, Нурафшон, Бекобод ҳамда Янгийўл шаҳарларида ҳам кредитлардан фойдаланиш самарадорлиги билан боғлиқ шундай ҳолатлар кузатилаётгани айтилди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+