Beeline эгаси Perfectum алоқа операторини 207 млн долларлик битим доирасида сотиб олмоқда
VEON Ўзбекистондаги Perfectum операторини тўлиқ сотиб олишга келишди. Қарзларни ҳам ўз ичига олган битим қиймати 207 млн долларни ташкил этади. Харид натижасида Beeline’нинг частота ресурслари қарийб 50 фоизга кенгайиб, унинг тасарруфига тайёр 5G тармоғи ҳам ўтади.

Бу ҳақда Beeline Uzbekistan’га эгалик қилувчи VEON гуруҳи 19 октябрь куни маълум қилди�.
Битимнинг умумий қиймати қарийб 207 млн долларни ташкил этади. Бунга Perfectum’нинг VEON зиммасига ўтадиган тахминан 93 млн долларлик молиявий қарзи ҳам киритилган. Яъни эълон қилинган сумманинг қарийб 45 фоизи қарз ҳиссасига тўғри келади, қарздан ташқари қисми эса тахминан 114 млн долларни ташкил қилади.
Харид орқали VEON 850 ва 3 800 МГц диапазонларидаги жами 115 МГц частота ресурси, тармоқ ускуналари ҳамда инфратузилма активларини олади. Улар орасида Nokia ускуналари асосида қурилган, мустақил архитектурага эга 5G тармоғи ҳам бор.
Ушбу ресурслардан Beeline’нинг 4G/LTE тармоғини ривожлантириш, келгусида 5G хизматларини жорий этиш ҳамда уйлар ва бизнес учун симсиз кенг полосали интернетни кенгайтиришда фойдаланиш кўзда тутилган.
Компания хабарига кўра, харид учун тегишли тартибга солувчи органларнинг рухсатлари олинган. Пул тўлови VEON’нинг мавжуд маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Perfectum брендининг кейинги тақдири, абонентлар ва тарифларга оид ўзгаришлар эса хабарда очиқланмаган.









