Asia Alliance Bank бошқаруви раисига уч нафар ўринбосар тайинланди
Poytaxt Bank’нинг собиқ бошқарув раиси Дилшод Пўлатов Asia Alliance Bank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У апрелдан буён банк бошқаруви раиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган.
Шунингдек, Жаҳонгир Умаров ва Илҳом Исамутдинов бошқарув раисининг ўринбосарлари этиб тайинланди.
Янги тайинловлар ҳақида батафсил:

Asia Alliance Bank бошқаруви таркибида ўзгаришлар бўлди.
Дилшод Акмалевич Пўлатов Asia Alliance Bank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Жаҳонгир Ғайбуллаевич Умаров ва Илҳом Рахманович Исамутдинов бошқарув раиси ўринбосарлари бўлди. Бу ҳақда “Банк-молия ва финтехдаги тайинловлар” Telegram канали хабар берди.
Янги ўринбосарлар аввал қаерда ишлаган?
Тайинловга қадар Дилшод Пўлатов 2026 йил апрелидан Asia Alliance Bank бошқаруви раиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. У бунгача, 2025 йил сентябридан 2026 йил апрелигача, Poytaxt Bank бошқарувига раҳбарлик қилган. Pinkod аввалроқ унинг ваколатлари 20 апрелдан муддатидан олдин тугатилгани ҳақида ёзган эди.

Пўлатов 1979 йилда Тошкентда туғилган ва Тошкент молия институтини тамомлаган. У Ўзуйжойжамғармабанк ва Kapitalbank’да ишлаган. Kapitalbank’да ғазначилик, активлар ва пассивларни бошқариш ҳамда молиявий таҳлил йўналишларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.
Жаҳонгир Умаров меҳнат фаолиятини Asakabank’да бошлаган. У ерда кредитлаш, кредит портфели мониторинги, лойиҳаларни молиялаштириш ва инвестиция йўналишларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Кейин Asia Alliance Bank’нинг кредит таваккалчиликлари ва кредит портфели мониторинги бошқармасини бошқарган, корпоратив мижозларни кредитлаш йўналишида ҳам фаолият юритган.

Умаров Ўзсаноатқурилишбанкнинг кредит қарздорликлари билан ишлаш департаменти директори этиб ҳам тайинланган. У 1980 йилда Тошкентда туғилган, Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
Илҳом Исамутдинов меҳнат фаолиятини Turonbank’да бошлаган ва ахборот технологиялари департаменти директори ўринбосаригача кўтарилган. У 2016–2022 йилларда Asia Alliance Bank’да ахборот технологиялари йўналишида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Кейинчалик Исамутдинов FIDOBIZNES’да департамент директори ўринбосари ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича бош директор ўринбосари бўлиб ишлаган. У 1983 йилда Тошкентда туғилган ва Тошкент ирригация ва мелиорация институтини менежмент мутахассислиги бўйича тамомлаган.









