“Асакабанк” умумий қиймати 1,2 трлн сўмлик қўшимча акциялар чиқармоқда
“Асакабанк” устав капиталини ошириш мақсадида 1,2 трлн сўмлик қўшимча акциялар эмиссиясини амалга оширмоқда. Эмиссия ёпиқ обуна шаклида, амалдаги акциядорларга имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи берилган ҳолда жойлаштирилади. Мазкур чиқарувдан сўнг банкнинг устав капитали қарийб 10 трлн сўмга яқинлашади.

“Асакабанк” АЖ устав капиталини ошириш мақсадида 1,2 трлн сўмлик қўшимча акциялар эмиссиясини амалга оширмоқда. Бу ҳақда банкнинг корпоратив маълумотларида маълум қилинди.
2026 йил 12 январда бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига мувофиқ, номинал қиймати 139,01 сўм бўлган 8 млрд 679 млн 231 минг 710 дона эгасининг номи ёзилган оддий ҳужжатсиз акциялар чиқарилмоқда.
Чиқарилаётган акцияларнинг умумий қиймати 1 трлн 206,5 млрд сўмни ташкил этади. Эмиссия 2026 йил 9 февраль куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Қарорга кўра, қўшимча акциялар ёпиқ обуна усулида, амалдаги акциядорларга имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи берилган ҳолда жойлаштирилади. Имтиёзли ҳуқуққа эга шахслар рўйхати 2026 йил 12 январь ҳолатига шакллантирилган акциядорлар реэстри асосида тузилади.
Маълумот учун, ҳозирда банкнинг устав капитали 7,7 трлн сўмни ташкил этади. Қўшимча эмиссиядан сўнг бу кўрсаткич 10 трлн сўмга яқинлашади.
Банкнинг асосий акциядорлари таркиби қуйидагича:
- Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 71,09%
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 28,17%
- “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ — 0,59%
- “Ўзавтосаноат” АЖ — 0,08%
- “Ўзагросуғурта” АЖ — 0,06%
- “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ — 0,01%









