“Асакабанк” 3 февралдан бошлаб жами қиймати 1 трлн сўмлик корпоратив облигацияларни жойлаштирмоқда
“Тошкент” фонд биржаси “Асакабанк”нинг 18 фоизли даромадлиликка эга бўлган янги корпоратив облигациялар эмиссиясини котировка рўйхатига киритди. Банк очиқ обуна орқали умумий ҳажми 1 триллион сўм бўлган бешинчи облигация чиқарилишини 3 февралдан бошлайди.

“Тошкент” фонд биржаси “Асакабанк” томонидан чиқарилган корпоратив облигацияларнинг янги эмиссиясини расмий равишда котировка рўйхатига киритди. Бу ҳақда фонд биржаси матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур эмиссия доирасида банк очиқ обуна асосида 2 минг дона облигацияни жойлаштиради. Ҳар бир облигациянинг номинал қиймати 500 миллион сўмни ташкил этади. Натижада чиқарилаётган облигацияларнинг умумий ҳажми 1 триллион сўмга тенг бўлади.
Чиқарилаётган облигациялар бўйича йиллик даромадлилик 18 фоиз этиб белгиланган. Инвесторлар учун купон тўловлари ҳар чоракда, яъни йилига тўрт марта амалга оширилади. Облигацияларнинг муомалада бўлиш муддати 1711 кунни ташкил этиб, бу қарийб 4 йил ва 9 ойга тенг.
Қимматли қоғозлар “Тошкент” фонд биржасида UZ6038667AA0 коди ҳамда ASAK4B5 тикери остида савдога чиқарилади. Мазкур тикер ”Асакабанк” томонидан амалга оширилаётган бешинчи облигация чиқарилишини англатади. Облигацияларни жойлаштириш жараёни 3 февралдан бошланиши режалаштирилган.
“Asakabank” Kuzatuv kengashi 15-dekabr kuni bo‘lib o‘tgan umumiy yig‘ilishda korporativ obligatsiyalar chiqarilishini tasdiqlagan edi.









