АҚШда Трамп тасвирланган 1 долларлик тангалар сотувга чиқарилди
АҚШ зарбхонаси амалдаги президент Доналд Трамп портрети туширилган 1 долларлик тангаларни сотувга чиқарди. Мамлакат мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланган тангалар қонуний тўлов воситаси ҳисобланса-да, коллекцион тўпламларда номиналидан қимматроққа сотилмоқда. Амалдаги президентни пулда тасвирлаш қарори АҚШда ҳуқуқий баҳсларга ҳам сабаб бўлди.

Танганинг олд томонига Доналд Трамп портрети, “Озодлик”, “Биз Худога ишонамиз” ёзувлари ҳамда “1776–2026” саналари туширилган. Орқа томонида эса АҚШ президентининг бургут тасвирланган муҳри ва мамлакат мустақиллигининг 250 йиллигини англатувчи “250” рақами жойлаштирилган.
Дизайн АҚШ зарбхонасининг бош гравёри Жозеф Менна томонидан Оқ уй фотографи Даниэль Торок олган сурат асосида яратилган. Тангалар Филадельфия зарбхонасида ишлаб чиқарилган.
Улар 25 доналик ўрам ва 100 доналик қопларда сотилмоқда. 25 долларлик ўрам нархи 61 доллар, 100 долларлик қоп эса 154,5 доллар этиб белгиланган.
Шу тариқа 25 доналик ўрамда битта танга харидорга 2,44 долларга — номиналидан 144 фоиз қимматроққа тушади. 100 доналик тўпламда эса ҳар бир танганинг нархи қарийб 1,55 долларни ташкил қилади.
АҚШ зарбхонаси 150 мингта ўрам ва 50 мингта қоп сотишни режалаштирган. Ушбу маҳсулотлар орқали жами 8,75 млн дона танга сотилиши мумкин.
Бундан ташқари, 2026 йил 4 июлда зарб қилинган 250 мингта тангага махсус “July 4th” белгиси қўйилган. Улар оддий ўрам ва қоплар орасига тасодифий жойлаштирилган.
Танга олтин тусда кўринса-да, унинг таркибида олтин мавжуд эмас. У асосан мисдан тайёрланган бўлиб, таркибининг 6 фоизини рух, 3,5 фоизини марганец ва 2 фоизини никель ташкил этади. Ҳар бир танганинг оғирлиги 8,1 грамм, диаметри эса 26,49 миллиметр.
Тангалар коллекцион тўпламларда сотилаётган бўлса ҳам, расмий равишда қонуний тўлов воситаси ҳисобланади. Бироқ АҚШ зарбхонаси маълумотига кўра, улар ҳали одатий муомалага киритилмаган ва 2026 йил кузида муомалага чиқарилиши режалаштирилган.
АҚШда тирик инсонларни, айниқса амалдаги президентларни пулда тасвирламаслик узоқ йиллик анъана ҳисобланади. 1866 йилда Конгресс тирик шахсларнинг портретларини қоғоз пулларга туширишни тақиқлаган.
Президентларга бағишланган 1 долларлик тангалар дастурида ҳам шахснинг вафотидан кейин камида икки йил ўтиши талаби мавжуд. Бироқ Трамп тасвирланган янги танга АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланган алоҳида дастур доирасида чиқарилган.
Трамп маъмурияти 2020 йилда қабул қилинган қонун танга олд томонига президент портретини жойлаштириш имконини беришини билдирмоқда. Мазкур қонунда тирик шахсни танганинг орқа томонида тасвирлаш тақиқланган, бироқ олд томони учун бундай чеклов аниқ белгиланмаган.
Танга чиқарилишини тўхтатиш талаби билан судга ҳам мурожаат қилинган. Федерал суд аризачининг бу қарор туфайли шахсан зарар кўришини исботлай олмаганини билдириб, талабни рад этган. Бироқ суд танганинг қонуний ёки ноқонуний эканига мазмунан баҳо бермаган.
АҚШ тарихида амалдаги президент тасвирланган танга чиқарилиши биринчи ҳолат эмас. 1926 йилда мамлакат мустақиллигининг 150 йиллигига бағишланган 50 центлик тангада ўша пайтдаги президент Калвин Кулиж ва Жорж Вашингтон биргаликда тасвирланган эди.









