АҚШ ва Хитой бож тарифларини 90 кун давомида кескин пасайтиришга келишиб олди — Bloomberg
АҚШ 14 майдан бошлаб Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўлланилган 145 фоизлик бож ставкаларини 30 фоизгача туширади.
Хитой эса АҚШ маҳсулотларига нисбатан қўллаган 125 фоизлик бож ставкаларини 10 фоизгача камайтиришга рози бўлди.

АҚШ ва Хитой ўзаро маҳсулотларига қўйилган божларни вақтинча пасайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Мазкур қарор савдо зиддиятларини юмшатиш, шунингдек, дунёнинг энг йирик икки иқтисодиёти ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун яна уч ой муҳлат бериш мақсадида қабул қилинди.
Расмий баёнот ва душанба куни ўтказилган брифингда таъкидланишича, АҚШ 2025 йил 14 майдан бошлаб Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўлланилган 145 фоизлик бож ставкаларини, жумладан фентанил билан боғлиқ божларга нисбатан, 30 фоизгача туширади. Хитой эса АҚШ маҳсулотларига нисбатан қўллаган 125 фоизлик бож ставкаларини 10 фоизгача камайтиришга рози бўлди.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессент музокаралар фентанил масаласида жуда самарали ва мазмунли бўлганини, томонлар эса иқтисодий ажралишни истамасликларини билдирганини маълум қилди.
Баёнотда, шунингдек, томонлар иқтисодий ва савдо алоқалари бўйича музокараларни давом эттириш учун махсус механизм яратишга келишиб олгани айтилган.
Мазкур келишув Тинч океани орқали олиб борилаётган савдода жиддий пасайишга сабаб бўлган бож урушига барҳам бериш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Аввалроқ ҳам икки давлат музокараларда “муҳим силжишлар”га эришганини билдирган эди. Бу эса бозорларнинг тикланишига, хусусан, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг 2 апрель куни эълон қилган “Озодлик куни” тарифларидан сўнг йўқотилган Хитой акцияларининг ўз қийматини тиклашига ёрдам берди.
Оқ уй якшанба куни берган дастлабки баёнотида ушбу келишувни “савдо битими” деб атаган бўлса-да, томонлар учун мақбул якуний натижанинг қандай бўлиши ва унга қачон эришилиши ҳозирча номаълум. Хитой аввалроқ АҚШдан шу йил давомида жорий этилган барча божларни бекор қилишни талаб қилган эди, бу эса АҚШнинг савдо танқислигини камайтириш стратегиясига зид эди.
Бозордаги ижобий кайфиятларга қарамай, тарих шундан далолат берадики, батафсил ва барқарор келишувга эришиш анча вақт талаб қилиши мумкин — ҳаттоки умуман мумкин бўлмаслиги эҳтимоли ҳам бор. Масалан, 2018 йилда ҳам томонлар музокаралардан сўнг “зиддият музлатилди” деган қарорга келишган эди, бироқ орадан кўп ўтмай АҚШ бу битимдан воз кечди. Натижада, яна 18 ойдан ортиқ давом этган тарифлар уруши ва музокаралардан сўнггина, 2020 йил январь ойида “Биринчи босқич” савдо битими имзоланди.