АҚШ Қозоғистондан импорт қилинадиган товарларга 25 фоизлик бож жорий қилади
АҚШ Президенти Доналд Трамп 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган товарларга 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди.
Ушбу чора АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги савдо номутаносиблигини бартараф этиш ҳамда Трамп таърифлаган “адолатсиз савдо амалиётлари”га чек қўйиш мақсадида қўлланилмоқда.
Шунингдек, у Қозоғистон компанияларини АҚШда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга чақириб, божхона имтиёзлари ва тезкор рухсат жараёнларини ваъда қилмоқда.

2025 йил 1 августдан бошлаб АҚШ Қозоғистондан олиб кириладиган товарларга 25 фоизлик божхона божи жорий этади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги расмий баёнотида маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, Малайзия, Тунис ва Қозоғистондан олиб кирилаётган маҳсулотларга 25 фоиз, Жанубий Африкадан импорт қилинадиган товарларга 30 фоиз, Лаос ва Мянмага эса 40 фоизлик бож жорий этилади.
Шунингдек, Трамп ушбу қарор доирасида беш давлат етакчиларига, жумладан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга расмий мактуб йўллаганини эълон қилди.

Мазкур ҳужжатда АҚШ–Қозоғистон ўртасидаги савдо муносабатларининг номутаносиблиги асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Трампнинг фикрича, Қозоғистон томонидан қўлланилаётган тариф ва нотариф чекловлар АҚШ иқтисодий ҳамда миллий хавфсизлик манфаатларига салбий таъсир кўрсатмоқда ва натижада доимий савдо тақчиллиги юзага келмоқда.
Шу билан бирга, Трамп Қозоғистон компанияларига АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини берди. У бундай ҳолатда божхона тўловларидан воз кечишга тайёрлигини билдириб, барча рухсат бериш жараёнлари тезкор ва бюрократиясиз бўлишини ваъда қилди.

АҚШ Президенти, шунингдек, агар Қозоғистон жавобан ўз бож ставкаларини оширса, АҚШ бунга қўшимча чоралар билан жавоб қайтаришини таъкидлади. Трампнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар узоқ йиллардан бери давом этаётган “адолатсиз савдо амалиётлари”ни тугатиш ва икки томонлама савдони янада мувозанатли, адолатли асосда ривожлантиришга қаратилган.
Вашингтон Остона билан стратегик ҳамкорликни давом эттиришга содиқ эканини билдирган ҳолда, АҚШ томони Қозоғистон компанияларини ўз бозорига инвестиция киритишга таклиф этмоқда.