АҚШ Ўзбекистон билан муҳим фойдали қазилмалар бўйича стратегик келишув имзолади — Reuters
АҚШ ҳукумати Ўзбекистон билан муҳим фойдали қазилмалар соҳасида қўшма инвестиция доирасини йўлга қўйиш бўйича келишув имзолади. Битим геологик қидирувдан тортиб қазиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган барча босқичларни қамраб олиб, Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги стратегик ресурслар таъминотини диверсификация қилиш сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Жаҳоннинг энг нуфузли ахборот агентликларидан бири — Reuters АҚШ ҳукумати Марказий Осиёдаги муҳим фойдали қазилмалар бўйича кенгроқ ва барқарор кириш имконини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан келишув имзолагани ҳақида ёзди.
Бу қадам АҚШ президенти Доналд Трамп Хитойнинг стратегик ресурслар ва уларнинг таъминот занжирларидаги устунлигига қарши чоралар кўраётган бир пайтда амалга оширилди, дейилади нашр хабарида.
АҚШнинг Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (ДФC) ва Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга давлати ўртасида тузилган “Қўшма инвестиция доираси” икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. DFC баёнотига кўра, ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Режага кўра, инвестициялар муҳим фойдали қазилмалар қиймат занжирининг барча босқичларини, жумладан геологик қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлашни қамраб олади. Шунингдек, келгусидаги минерал ва инфратузилма лойиҳалари учун АҚШ–Ўзбекистон Қўшма инвестиция холдинг компаниясини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгач, АҚШ Марказий Осиёдаги собиқ Совет республикаларининг бештаси билан алоқаларни кучайтиришга киришди ва анъанавий равишда Россия ҳамда Хитой таъсири устун бўлган минтақада ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Трамп ноябрь ойида Оқ уйда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчиларини қабул қилган эди. Шу ой бошида эса у муҳим фойдали қазилмалар бўйича саммит ўтказиб, 11 та давлат, жумладан Ўзбекистон билан муҳим минераллар таъминоти юзасидан дастлабки Англашув меморандумларини имзолашга эришди.
Марказий Осиёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт ҳисобланган Ўзбекистон 2016 йилдан буён кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат инвестицион муҳитни яхшилаш, саноатни модернизация қилиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Қарийб 40 миллион аҳолига эга Ўзбекистон олтин, уран ва миснинг йирик захираларига эга. Бундан ташқари, замонавий технологиялар ва “яшил энергетика” учун муҳим аҳамиятга эга бўлган литий, вольфрам ҳамда бошқа қатор стратегик минералларнинг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган салмоқли конлари мавжуд.
Ўзбекистон билан имзоланган келишув Трамп стратегиясида DFC’нинг роли ортиб бораётганини ҳам кўрсатади. У ўтган йили тузилган Украина билан минерал келишувда муҳим роль ўйнаган ва ҳозирда ресурсларга бой бир қатор Африка давлатларида лойиҳаларни бошқариб бормоқда.
DFC баёнотига кўра, Ўзбекистон билан тузилган келишув “умумий иқтисодий манфаатларни илгари суриш, шунингдек муҳим фойдали қазилмалар, инфратузилма ва энергетика каби стратегик соҳаларда қўшма инвестицияларни рағбатлантиришга” хизмат қилади.









