12 967.000 so‘m

increase

11.740

13 352.120 so‘m

increase

25.040

126.490 so‘m

increase

0.050

12 967.000 so‘m

increase

11.740

10 январь, 20:49
Иқтисодиёт

АҚШ Гренландияни сотиб олиши аср келишуви бўлиши мумкин – The Economist

Доналд Трамп ўзининг навбатдаги провокацион баёнотларидан бирида Гренландияни АҚШ таркибига қўшиш ниятини очиқ-ойдин маълум қилди. Нашр эҳтимолий келишувни АҚШнинг Луизиана ва Аляска харидларига қиёсламоқда.

АҚШ Гренландияни сотиб олиши аср келишуви бўлиши мумкин – The Economist
Фото: AI

The Economist нашри Гренландия харидини Америка тарихидаги Луизиана ва Аляска харидларига қиёслаб, таҳлилий мақола эълон қилди. Унда эҳтимолий келишувнинг иқтисодий, стратегик ва сиёсий жиҳатлари кенг ёритилган.

Америка тарихида ҳудуд сотиб олишга оид қарорлар кўпинча катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. 1803 йилда Томас Жефферсон Луизиана ҳудудини сотиб олиб, мамлакат ҳудудини икки баробар кенгайтирди. Орадан 64 йил ўтиб, Уильям Сюард Россиядан Аляскани сотиб олганда, бу қарор дастлаб танқидга учраган бўлса-да, ҳозир катта муваффақият сифатида баҳоланади. Шу каби ютуқлар ортидан Доналд Трамп Гренландияни сотиб олиш таклифини ўртага ташлади, аммо бу сафар баҳс кўпроқ халқаро муносабатларга тааллуқли.

Трампнинг Гренландияни сотиб олиш истаги жиддий муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. У 7 январь куни бу масала юзасидан ҳарбий куч ёки иқтисодий босим қўллаш эҳтимолини рад этишдан бош тортди ва Данияга юқори бож тарифлари билан таҳдид қилди. Аммо Гренландияни ихтиёрий ва дўстона келишув асосида сотиб олиш ҳақиқатан ҳам катта имкониятларга йўл очиши мумкин. Бундай битим нафақат Америка, балки НАТО иттифоқчилари хавфсизлигини ҳам оширади. Келишув, шунингдек, якуний қарорни қабул қиладиган Гренландия аҳолисига ҳам фойда келтиришини кутиш мумкин.

Орол қанчага сотиб олинади?

Дастлабки ёндашув сифатида Гренландиянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) олиш мумкин. 2021 йилги маълумотларга кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард долларни ташкил этади. Аҳолиси 56 минг киши бўлса-да, ҳудуди ҳар қандай Америка штатидан каттароқ. Ишчи кучининг 43 фоизи давлат секторида банд бўлиб, Дания ҳар йили 500 миллион доллар ёрдам ажратади. The Economist нашри Гренландиянинг иқтисодий қийматини тахминан 50 миллиард доллар атрофида баҳолади.

Стратегик аҳамият

Харита: The Economist

Бироқ Трамп Гренландияни унинг ҳозирги иқтисодий қуввати учун эмас, балки стратегик ва табиий бойликлари учун хоҳлайди. Орол Россия ва Америка ўртасида жойлашган бўлиб, Арктика музлари эриши билан навигация ва ресурслар учун стратегик аҳамият касб этади. Гренландиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Питуффик ҳарбий базаси АҚШ учун муҳим стратегик объект ҳисобланади. Агар Гренландия Америка ҳудудига айланса, АҚШ Россиянинг Атлантика океанига чиқиш йўлларини самарали назорат қилиши мумкин бўлади.

Асосий омил – табиий ресурслар

Гренландия табиий ресурсларга бой ҳудуд ҳисобланади. АҚШ ҳукумати томонидан муҳим деб топилган 50 минералнинг 43 таси Гренландияда мавжуд. Бу ресурслар ҳарбий ва бошқа технологиялар учун зарур хомашёлардир. Шунингдек, АҚШ Геология хизмати 2008 йилда Гренландия соҳилларидаги қудуқлар тахминан 52 миллиард баррель нефть захирасига эга эканлигини айтиб ўтган. Орол ресурсларининг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги ҳудуднинг қаттиқ совуқ иқлими ва жойлашуви билан боғлиқ. Оролнинг 3/4 қисми муз билан қопланган ва яшаш пунктларини боғловчи йўллар мавжуд эмас. 2021 йилда ҳукумат нефть қазиб олишни тақиқлаганига қарамасдан иқлим исиши билан минералларни қазиб олиш имконияти ошмоқда ва уларнинг қиймати ортиб бормоқда.

Гренландияни кимдан сотиб олишади?

2009 йилда Дания Гренландияга ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини деярли тўлиқ берди. Агар орол аҳолиси референдум орқали буни истаса, мустақиллик эълон қилишлари мумкин. Бугунги кунда Гренландиянинг миллатчи ҳукуматида бу ҳуқуқдан фойдаланиш истаги кучли. Шу билан бирга, Дания уларга ўз табиий бойликларини бошқариш ҳуқуқини ҳам берган. Шунинг учун Гренландияни сотиб олиш масаласи Дания орқали эмас, балки орол аҳолиси билан келишув натижасида ҳал бўлади. Акс ҳолда, бу ҳақиқий мустамлакачилик бўлади.

Агар Америка Гренландиянинг келажакдаги солиқ тушумларини асос қилиб олган оддий молиявий таклиф билан чиқса, бу ҳар бир аҳолига ўртача 1 миллион доллардан тушади. Аммо ҳудуднинг улкан табиий бойликлари ва стратегик аҳамиятини инобатга олсак, Америка ҳар бир гренландияликни мультимиллионерга айлантириши ва шунда ҳам улкан фойда олиши мумкин.

Гренландияни сотиб олиш ҳақидаги таклиф осон амалга ошадиган келишув эмас. Аммо бундай битим амалга ошса, у АҚШнинг иқтисодий, стратегик ва ҳарбий қудратини янада кучайтиради.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+