Англия ҳуқуқи, халқаро суд ва 2076 йилгача солиқ имтиёзлари: Тошкентда янги молия маркази қандай ишлайди?
Президент 30 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Марказ ҳудудида Англия ва Уэлс ҳуқуқи қўлланади ҳамда икки инстанцияли халқаро тижорат суди фаолият юритади.
Инвесторлар ва компаниялар учун 2076 йилгача солиқ имтиёзлари, капитални чекловларсиз олиб чиқиш имконияти ҳамда молия, банк, финтех ва криптоактивлар соҳасида ишлаш учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) ташкил этилади ҳамда унинг таркибида Тошкент халқаро тижорат суди фаолият юритади.
Марказ Tashkent City мажмуаси ҳудудида — Ислом Каримов проспекти, Янги Тошкент йўли ва Ўқчи кўчаси оралиғида жойлашади. Бу ерда Hilton Tashkent City, Халқаро конгресс маркази, NestOne мажмуаси ҳамда Лукоил офиси жойлашган.
ТХММ ҳудудидаги бинолар марказ бошқарув органларига тўғридан-тўғри шартнома асосида ижарага берилади. Бошқарув органлари эса уларни марказ иштирокчиларига субижара асосида тақдим этади.
Марказ ҳудудида молиявий, инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари, исломий ва яшил молия ҳамда молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш ва транзаксияларни амалга оширишга рухсат берилади.
Шунингдек, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар кўрсатиш, шунингдек конституциявий қонунга мувофиқ бошқа фаолият турларини ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.
Марказ ҳудудида конституциявий қонун билан белгиланадиган махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Марказнинг бошқарув органларига фуқаролик, корпоратив, тижорат, молия, банк, солиқ, давлат харидлари, меҳнат ҳуқуқи ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати берилади.
Шунингдек, Марказ ҳудудида Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойиллари тўғридан-тўғри қўлланилади.
Тошкент халқаро тижорат суди биринчи инстанция ва апелляция судидан иборат бўлади.
Фармон билан янги тузилма зиммасига юклатилган вазифалар рўйхати, ТХММ иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва уларга бериладиган имтиёзлар тасдиқланди. Ҳужжатда қатор ташкилий масалалар ҳам белгиланган.
Марказ асосий фаолияти
ТХММ фаолияти тўртта асосий йўналишни қамраб олади:
- инвестицияларни жалб этиш
- капитал бозорини ривожлантириш
- молия хизматлари соҳасини кенгайтириш
- инновациялар ва профессионал хизматлар экотизимини яратиш
Инвестиция йўналишида қулай, шаффоф ва рақобатбардош ҳуқуқий ҳамда институционал муҳит яратиш, шунингдек корхоналарнинг замонавий молия хизматлари бозорига киришини соддалаштириш кўзда тутилган.
Капитал бозори йўналишида уни жаҳон молия майдончалари билан интеграция қилиш, қимматли қоғозлар савдоси ва бозорнинг бошқа сегментларини тезкор ривожлантириш кўзда тутилган.
Молиявий хизматлар йўналишида банк ва суғурта хизматлари, ислом молияси, финтех, электрон тижорат, шунингдек рақамли ва криптоактивлар бозорини ривожлантириш белгиланган.
Шунингдек, молиявий, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар соҳасида замонавий экотизим яратиш, тартибга солиш ва назорат тизимларига энг яхши халқаро амалиётларни жорий этиш ҳамда хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифаси қўйилган.
Асосий ҳуқуқлар
ТХММ иштирокчилари чет эл фуқароларини ишга қабул қилиш учун алоҳида меҳнат рухсатномасини олмасдан ишлатишлари мумкин.
Шунингдек, уларга пул мажбуриятларини (ҳисоб-китоблар, иш ҳақи тўлаш ва бошқалар) шартномага мувофиқ хорижий валюта ёки криптоактивларда бажаришга рухсат берилади.
Марказ ходимлари, иштирокчилари ва уларнинг оила аъзоларига 5 йилгача амал қилувчи махсус тартибдаги визалар берилади.
Бундан ташқари, марказ иштирокчилари капитал ёки даромадни чекловларсиз репатриация қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Солиқ муносабатлари эса ТХММ ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Солиқ имтиёзлари (2076 йил 1 январгача)
ТХММ ҳудудида қуйидаги солиқ имтиёзлари амал қилади:
- марказ ҳудудида кўрсатилган хизматлардан олинган даромадлар (крипто-биржалардан ташқари) фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилинади;
- марказ бошқарув органлари фойдаланаётган объектлар ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилинади;
- марказ ичида фойдаланиш учун импорт қилинадиган товарлардан божхона божлари ундирилмайди.
Марказда ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иш ҳақи жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади. Ўзбекистон резидентлари учун эса 7 фоизлик ставка қўлланади.
ТХММ иштирокчиси бўлган компаниялардаги улушларни сотишдан олинган даромадлар ҳам солиқлардан озод этилади.
Марказнинг ташкилий бошқаруви
ТХММ фаолиятини президент бошчилигидаги кенгаш бошқаради.
Кенгаш таркибига қуйидаги амалдорлар киради:
- Жамшид Қўчқоров — Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири
- Жамшид Ходжаев — Бош вазир ўринбосари
- Шерзод Озодзода — Президент администрацияси раҳбарининг тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ўринбосари
- Лазиз Кудратов — инвестициялар, саноат ва савдо вазири
- Акбар Тошқулов — адлия вазири
- Тимур Ишметов — Марказий банк раиси
- Дмитрий Ли — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори
Шунингдек, кенгаш таркибига ТХММ бошқарувчиси, молиявий хизматлар бошқармаси бошлиғи ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги мустақил эксперт киради.
Бундан ташқари, халқаро молия марказлари, капитал бозорлари ва банк соҳаси бўйича уч нафар мустақил халқаро эксперт ҳам тайинланади.









