12 021.220 so‘m

decrease

-54.960

13 978.270 so‘m

decrease

-16.820

169.530 so‘m

increase

0.060

12 021.220 so‘m

decrease

-54.960

8 соат аввал
Банк
45

“Алоқабанк” илк бор Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштирди

Йиллик купон ставкаси 7,7 фоиз, амал қилиш муддати эса 5 йил бўлган мазкур облигацияларга талаб таклиф ҳажмидан қарийб 4 баробар юқори бўлди.

Расмий курс бўйича қарийб 3,6 триллион сўмга тенг ушбу маблағ банк активларининг тахминан 10,5 фоизи, кредит портфелининг эса 17,4 фоизига тенг бўлиб, “Алоқабанк” учун сезиларли ташқи молиялаштириш манбаси ҳисобланади. 

Илк жойлаштирув ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил:

“Алоқабанк” илк бор Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштирди

“Алоқабанк” халқаро капитал бозорига илк бор мустақил қарз инструменти билан чиқиб, 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларни жойлаштирди

Банк томонидан чиқарилган 5 йиллик облигациялар Лондон фонд биржасида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг купон ставкаси йиллик 7,7 фоизни ташкил этди.

Мазкур битим 2026 йилда Ўзбекистондан АҚШ долларида амалга оширилган илк халқаро облигация жойлаштирувларидан бири бўлди. Облигациялар 2031 йилгача амал қилади.

Банк маълумотларига кўра, жойлаштириш халқаро инвесторлар томонидан юқори қизиқиш билан кутиб олинган. Буюртмалар китоби 1 миллиард доллардан ошиб, таклиф ҳажмидан қарийб тўрт баробар кўп талаб шаклланган. Битим ташкилотчилари сифатида Citigroup, Mashreqbank, First Abu Dhabi Bank ва Abu Dhabi Commercial Bank каби йирик халқаро молия институтлари иштирок этган.

Еврооблигация — бу эмитент томонидан халқаро бозорда хорижий инвесторлар учун чиқариладиган қарз мажбуриятидир. Бундай инструмент орқали банк маълум муддатга маблағ жалб қилади ва инвесторларига белгиланган купон даромадини тўлаб боради. 

“Алоқабанк” учун ушбу жойлаштириш ички депозитлар ва маҳаллий қарз бозорига қарамликни камайтириш, узоқ муддатли хорижий молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш имконини беради.

“Алоқабанк”нинг молиявий кўрсаткичлари

Fitch Ratings агентлиги “Алоқабанк”нинг 300 миллион долларлик дебют еврооблигацияларига якуний “BB” ҳамда “B(xgs)” рейтингларини берган. Бу баҳо банкнинг халқаро инвесторлар олдидаги қарз мажбуриятлари бўйича тўлов қобилияти мавжудлигини, бироқ рисклар тўлиқ паст эмаслигини англатади.

Агентлик баҳосида “Алоқабанк”нинг давлат билан боғлиқлиги муҳим омил сифатида кўрсатилган. Fitch банк рейтингини белгилашда давлат улушининг юқорилиги, аввалги даврларда банкка кўрсатилган капитал ва молиявий ёрдам тажрибаси ҳамда банкнинг давлат дастурларидаги роли, жумладан, ёшлар тадбиркорлигини кредитлашдаги иштирокини инобатга олган.

Марказий банкнинг 2026 йил 1 апрель ҳолатидаги маълумотларига кўра, “Алоқабанк” активлари 34,25 триллион сўмни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда ҳозирда 34 та банк фаолият юритаётган бўлса, уларнинг фақат 9 тасида активлар ҳажми “Алоқабанк”никидан юқори.

Шунингдек, банкнинг кредит портфели 20,7 триллион сўмни, юридик ва жисмоний шахслар томонидан банкка жойлаштирилган жами депозитлар эса қарийб 16 триллион сўмни ташкил этади.

Бу “Алоқабанк” учун нима беради?

Халқаро еврооблигацияларни жойлаштириш “Алоқабанк” учун, аввало, узоқ муддатли ва йирик молиялаштириш манбасини очади. 300 миллион долларлик еврооблигация ҳажми банк учун сезиларли молиявий ресурс ҳисобланади.

Расмий курс — 11 979,64 сўм бўйича ҳисоблаганда, ушбу маблағ қарийб 3,59 триллион сўмга тенг. Бу “Алоқабанк”нинг 34,25 триллион сўмлик активларининг тахминан 10,5 фоизини ташкил этади. Яъни халқаро жойлаштириш банк балансига сезиларли таъсир кўрсатадиган даражадаги йирик ташқи молиялаштириш манбаси ҳисобланади.

Таққослаш учун, жалб қилинган маблағ банкнинг 20,7 триллион сўмлик кредит портфелининг қарийб 17,4 фоизига тенг.

Ушбу маблағлар банкка кредитлаш ҳажмини ошириш, йирик инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, мижозлар учун хорижий валютадаги узоқ муддатли ресурслар таклифини кенгайтириш ва ресурс базасини диверсификация қилиш имконини беради.

Бу Ўзбекистонга нима беради?

“Алоқабанк”нинг еврооблигация жойлаштируви Ўзбекистон учун ҳам нуфуз жиҳатидан, ҳам амалий аҳамиятга эга. Биринчидан, бу халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон банк секторига қизиқиши сақланиб қолаётганини кўрсатади. Банк маълумотларига кўра, облигацияларга талаб 1 миллиард доллардан ошган, яъни таклиф ҳажмидан қарийб тўрт баробар юқори бўлган.

Иккинчидан, бундай жойлаштиришлар Ўзбекистон банклари учун халқаро бозорда янги benchmark яратади. Келгусида бошқа банклар ёки йирик компаниялар халқаро облигация чиқаришни режалаштирса, инвесторлар “Алоқабанк” битими шартлари, талаб даражаси ва купон ставкасини таққословчи мезон сифатида кўриши мумкин.

Учинчидан, халқаро капитал бозорига чиқиш Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий валютадаги узоқ муддатли ресурсларни жалб қилиш имконини беради. Бундай маблағлар банк тизими орқали бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, инвестицион фаолликни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат молия тизимининг халқаро инвесторлар билан интеграциясини кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+