12 122.070 so‘m

increase

48.780

14 187.670 so‘m

increase

29.320

156.390 so‘m

increase

1.230

12 122.070 so‘m

increase

48.780

1 кун аввал
Технология
82

5 минг стартап, $2 млрд инвестиция: Ўзбекистон стартап бозорининг 2030 йилгача бўлган режаси қандай?

Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон стартап экотизими дунёда ўсиш суръатлари бўйича иккинчи ўринни эгаллаган. Ҳозирда мамлакатда 750 дан ортиқ стартап ва 15 та венчур фонд фаолият юритмоқда. 2030 йилга қадар 5 минг стартап ва 2 миллиард долларлик венчур инвестицияларни шакллантириш мақсад қилинган.

5 минг стартап, $2 млрд инвестиция: Ўзбекистон стартап бозорининг 2030 йилгача бўлган режаси қандай?
Фото: AI/Pinkod.uz

20 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар соҳасида эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Стартап ва венчур экотизимини ривожлантириш

Хорижий экспертлар тадқиқотларига кўра, 2024–2025 йилларда Ўзбекистоннинг стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларига етган. Ҳозирда мамлакатда 750 тадан ортиқ маҳаллий стартап фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда 15 та венчур фонд мавжуд бўлиб, венчур капитал ҳажми 180 миллион АҚШ долларидан ошган. Ўзбекистон стартап экотизими ўсиш суръатлари бўйича дунёда иккинчи, Марказий Осиёда эса етакчи давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Тақдимотда 2030 йилга қадар стартаплар сонини 5 мингтагача етказиш, хорижий бозорларга чиққан стартаплар сонини 200 тага ошириш ҳамда венчур инвестициялар ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш режалари белгиланди.

Халқаро тажриба асосида стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўрт босқичли тизими жорий этилмоқда. Ғоя яратиш, маҳсулот ишлаб чиқиш, лойиҳани ишга тушириш ва кенгайтириш босқичларида грантлар, солиқ имтиёзлари, қўшма молиялаштириш механизмлари ҳамда экспорт харажатларини қоплаш чораларини кўриш назарда тутилган.

Сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш

Тақдимот давомида сунъий интеллект инфратузилмасини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Ҳозирда замонавий кичик суперкомпютер ишга туширилган, йирик суперкомпютерни харид қилиш ва жорий этиш ишлари эса фаол босқичда давом этмоқда.

Лойиҳа доирасида 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши, мутахассислар салоҳиятини ошириш, шунингдек маҳаллий сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳудудларда замонавий маълумотлар марказлари тармоғини кенгайтириш, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлашнинг хавфсизлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Электрон давлат хизматларини ривожлантириш

Йиғилишда электрон давлат хизматларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, рақамли давлат хизматлари сонини 900 тага етказиш, MyGov.uz мобил иловасининг функционал имкониятларини кенгайтириш ҳамда 50 дан ортиқ хизматга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Аҳолининг ягона реестрини яратиш, бизнесни очиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ходимларини ҳисобга олиш, банк пластик карталарини расмийлаштириш, СИМ-карта, суғурта ва реклама хизматларини олиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2026 йилда 5G технологияларини жорий этишни кенгайтириш, аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернет билан қамраб олишни ошириш ҳамда сунъий йўлдош алоқасидан кенгроқ фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Президент рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқаруви самарадорлигини кучайтириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади ҳамда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+