2025 йил Ўзбекистонда аҳолининг хорижий валюта таклифи талабдан юқори бўлди
2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли банкларга $21,7 млрд миқдорида хорижий валюта сотиб, улардан $12 млрд сотиб олди. Натижада аҳолининг хорижий валюта таклифи талабдан $9,7 млрдга юқори шаклланди.

2025 йилда ички валюта бозорида таклиф талабдан сезиларли даражада юқори бўлди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Ички валюта бозори бўйича шарҳида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, январь–декабрь ойларида юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ошган, валюта таклифи эса 36 фоизга кўпайган.
Хўжалик юритувчи субъектлар экспорт тушумлари ҳисобидан шаклланган валюта таклифи 18 фоизга ўсиб, $18 млрдни ташкил этди. Ушбу маблағларнинг $9,8 млрди ёки 40 фоизи ички бозорда сотилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 19 фоиз ёки $1,6 млрдга кўп.
Шунингдек, банклар хорижий кредитлар ҳисобидан $9,7 млрд миқдорида валюта сотган, бу эса 2024 йилга нисбатан 69 фоизга юқори. Импортни молиялаштириш манбалари таркибида сотиб олинган валюта маблағлари улуши 63,7 фоизни ташкил этди (2024 йил даражасида қолган), хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилган импорт улуши эса 24 фоиз бўлди (2024 йилда — 24,5%).
Чет эл валютаси асосан қуйидаги мақсадларда харид қилинган:
- 50% — ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти;
- 28% — хорижий валютадаги кредитларни сўндириш;
- 17% — халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти;
- 2% — хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси;
- 3% — бошқа мақсадлар.
Марказий банк таъкидлашича, жисмоний шахсларнинг банклар билан амалга оширган валюта операциялари ижобий сальдо билан якунланиб, ички бозорда қўшимча валюта таклифини шакллантирди.
Хусусан, 2025 йилда аҳоли банкларга $21,7 млрд миқдорида чет эл валютаси сотган, бу 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга кўп. Шу билан бирга, аҳоли банклардан $12 млрдлик валюта сотиб олган, бу эса 27 фоизга ошган.
Валюта тушумларининг асосий манбаи сифатида халқаро пул ўтказмалари етакчилик қилди. 2025 йилда уларнинг ҳажми $18,9 млрдни ташкил этди.









