13 йиллик кутиш якунланмоқда: GTA VI учун олдиндан буюртмалар 25 июндан бошланади
Rockstar Games Grand Theft Auto VI ўйинига олдиндан буюртмалар 2026 йил 25 июндан қабул қилинишини маълум қилди. Шу билан бирга, ўйин 2026 йил 19 ноябрь куни PlayStation 5 ва Xbox Series X|S консоллари учун чиқарилади.

Grand Theft Auto VI ўйинига олдиндан буюртмалар 2026 йил 25 июндан қабул қилинaдию Бу ҳақда Rockstar Games маълум қилди.
Олдиндан буюртмалар рақамли платформалар ҳамда айрим чакана савдо тармоқлари орқали амалга оширилади. Ҳозирча ўйиннинг нархи, мавжуд нашрлари ва олдиндан буюртма берган фойдаланувчиларга тақдим этиладиган бонуслар ҳақида маълумот берилмаган.
Rockstar Games расмий саҳифасида GTA VI дастлаб PlayStation 5 ва Xbox Series X|S учун чиқарилиши кўрсатилган. Компьютерлар учун версиянинг тақдимот санаси ҳозирча эълон қилинмади.
Ўйин воқеалари АҚШнинг Флорида штатидан илҳомланган хаёлий Леонида ҳудуди ва Vice City шаҳрида кечади. Сюжет марказида Жейсон ва Лусия исмли икки қаҳрамон бўлиб, улар муваффақиятсиз жиноятдан кейин катта жиноий фитна ичида қолади.
Rockstar Games эълон қилган сана GTA мухлислари учун муҳим воқеа ҳисобланади. Чунки сериянинг аввалги асосий қисми — GTA V 2013 йил 17 сентябрда чиқарилган эди. Агар янги ўйин белгиланган муддатда тақдим этилса, икки релиз ўртасида 13 йил-у 2 ой вақт ўтган бўлади.
Rockstar Games янги GTA устида иш олиб борилаётганини расман фақат 2022 йил февралида тасдиқлаган. Бироқ лойиҳа устидаги фаол ишлаб чиқиш жараёни тахминан 2018 йилда бошланган деб ҳисобланади. Шу тариқа GTA VI релизга чиққунига қадар қарийб саккиз йил давомида ишлаб чиқилган бўлиши мумкин.
Ўйинга бўлган қизиқиш унинг биринчи трейлери намойиш этилганидаёқ яққол кўринди. 2023 йил декабрида эълон қилинган GTA VI трейлери дастлабки 24 соатда YouTube’да 93 млн мартадан кўпроқ томоша қилиниб, мусиқий бўлмаган видеолар орасида янги рекорд ўрнатди. Иккинчи трейлер эса турли платформаларда бир сутка ичида 475 млн мартадан ортиқ кўрилган.
GTA VI дастлаб 2025 йилда чиқарилиши режалаштирилган, кейинчалик релиз 2026 йил 26 майга кўчирилган эди. Шундан сўнг ўйин тақдимоти яна кечиктирилиб, якуний сана сифатида 2026 йил 19 ноябрь белгиланди. Олдиндан буюртмаларнинг бошланиши компания бу сафар релиз муддатига риоя қилишга тайёрланаётганидан далолат бериши мумкин.
Лойиҳага қанча маблағ сарфланаётгани расман очиқланмаган. Саноатдаги баҳоларга кўра, GTA VI’ни ишлаб чиқиш харажатлари ҳозирнинг ўзида 1–1,5 млрд долларга етган бўлиши мумкин. Интернетда учрайдиган 2 млрд доллар ва ундан юқори рақамлар эса Rockstar Games ёки Take-Two томонидан тасдиқланмаган.
Агар 1–1,5 млрд долларлик баҳолар ҳақиқатга яқин бўлса, GTA VI тарихдаги энг қиммат видеоўйинлардан бирига айланади. Бироқ компания учун таваккалчилик ҳам шунга яраша катта. Ўйин ишлаб чиқиш харажатларини қоплаши учун релизнинг илк ойларидаёқ улкан савдо натижаларини қайд этиши керак бўлади.
Шунга қарамай, GTA VI’нинг тижорий истиқболлари юқори баҳоланмоқда. Унинг аввалги қисми GTA V 2013 йилдан буён қарийб 230 млн нусхада сотилган. Таҳлилчилар янги ўйин релиздан кейинги дастлабки кунлардаёқ миллиардлаб доллар тушум келтириши мумкинлигини кутмоқда.









