12 012.210 so‘m

increase

7.460

13 731.160 so‘m

increase

39.740

158.140 so‘m

increase

1.030

12 012.210 so‘m

increase

7.460

5 соат аввал
Иқтисодиёт
82

$1 млрдлик даромадга эга Centrum Holding 2027 йилда Лондонда IPO ўтказишга тайёрланмоқда

Бу ҳақда Centrum Holding асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. 

$1 млрдлик даромадга эга Centrum Holding 2027 йилда Лондонда IPO ўтказишга тайёрланмоқда

 Ўзбекистоннинг энг йирик хусусий логистика компанияларидан бири Centrum Holding 2027 йилда Лондон фонд биржасида (LSE) акцияларини оммавий жойлаштиришни (IPO) режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов Bloomberg нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Келгуси бир-икки йил ичида IPOга тайёр бўлишни мақсад қилганмиз. Биз буни, аввало, компанияни кейинги босқичга олиб чиқишга ёрдам берадиган инвесторларни жалб қилиш имконияти сифатида кўряпмиз”, — деди у.

Компания 2019 йилда юк авиаташувчиси сифатида ташкил этилган. Дастлаб ҳаво юкларини консолидация қилиш ва чартер рейслари орқали фаолият юритган Centrum пандемия даврида юк ташишга бўлган талабнинг кескин ошиши ҳисобига тез суръатларда ўсди. 2022 йилда илк Boeing 747-200F юк самолётини сотиб олган компания кейинчалик эски ҳаво кемаларини замонавийроқ ижарага олинган самолётлар билан алмаштирди.

Бугунги кунда холдинг таркибига юк ва йўловчи авиакомпаниялари, сайёҳлик бизнеси, логистика марказлари, темир йўл вагонлари, порт ва терминал инфратузилмаси киради. 2025 йил якунларига кўра, компания даромади $1 млрдга етган, ходимлари сони эса 5 минг кишини ташкил этган.

Centrum ҳозирда Ўзбекистон ҳаво юк ташувлари бозорининг 40 фоиздан ортиғини, йўловчи авиацияси бозорининг эса 30 фоизгача қисмини назорат қилади. Компания келгуси бир йил ичида йўловчи ташишдаги улушини 50 фоизга етказишни мақсад қилган.

Холдинг “Ўрта йўлак” (Middle Corridor) бўйлаб мультимодал логистика терминаллари тармоғини кенгайтириш, юк автомобиллари ва темир йўл вагонлари паркини ошириш ҳамда Каспий денгизи орқали юк паромлари хизматларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, компания Тошкентдан 100 километр узоқликда жойлашган Ўзбекистоннинг энг йирик “қуруқ порти”ни бошқаради ва пойтахтдаги янги аэропорт яқинида ундан ҳам йирик логистика марказини қурмоқда. Танк-вагонлар паркини 3 минг донагача кенгайтириш орқали ушбу сегментда мамлакатдаги энг йирик операторга айланишни кўзламоқда.

2026–2027 йилларда компания $100 млндан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирган бўлиб, маблағларнинг ярмидан кўпи молиявий институтлар ва саноат ҳамкорлари ҳисобидан жалб қилиниши кутилмоқда.

Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, компания Марказий Осиёда йўловчи авиақатновларини ҳам фаол кенгайтирмоқда. Сўнгги даврда Қозоғистоннинг Уральск ва Қостанай, Қирғизистоннинг Ўш шаҳарларига янги рейслар йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Деҳли, Лаҳор ва Жидда йўналишлари ривожлантирилмоқда, Европага янги рейсларни очиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Centrum Holding IPOни Ўзбекистон компанияларининг халқаро капитал бозорларига чиқишидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида кўрмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, май ойида давлат улушларини бошқарувчи UzNIF Лондон фонд биржасида илк бор акцияларини жойлаштириб, халқаро инвесторлар, жумладан BlackRock маблағларини жалб қилганди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+