Bloomberg: дунёнинг энг бой одами Илон Маск энди Американинг энг катта сиёсий донори
Нашрга кўра, Маск камида 274 миллион долларни Трампнинг сайлов ташвиқотлари учун сарфлаган.
Tesla ва SpaceX бош директори Илон Маск 2024 йилги сайлов даврида сиёсий гуруҳларга камида 274 миллион доллар хайрия қилди ва АҚШдаги энг йирик донор мақомини ўзиники қилди, дея хабар берди Bloomberg. Ушбу сумма Маскга иккинчи ўриндаги инвестор Тимоти Меллонни (197 миллион доллар) ортда қолдиришига ёрдам берди.
Рекорд даражадаги хайриялар
Маскнинг асосий маблағлари президентлик сайловига йўналтирилди. У ўзи ташкил этган American PAC супер сиёсий ҳаракат қўмитасига 238,5 миллион доллар ажратди. Шундан 75 миллион доллар сайлов кампаниясининг сўнгги ҳафталарида қўшимча равишда берилган.
American PAC жорий йилнинг бошидан бери вице-президент Камала Харриснинг сайлов кампаниясидан молиявий жиҳатдан кескин ортда қолган Трамп учун имкониятларни тенглаштириш мақсадида 159 миллион доллар сарфлади. Трамп сайловчилар билан ишлаш ва ташвиқот кампанияси ишларини айнан шу ташкилотга топширди. Ташкилот сайловчиларни жалб қилиш операциялари учун 86 миллион доллар сарфлади ва Трамп номидан Meta (собиқ Facebook) ҳамда Google платформаларида реклама кампаниялари ўтказди.
Трампнинг ғалабаси Маскга нима беради?
Маскнинг Сайловга ажратган маблағлари уни Трамп маъмуриятининг ички доирасига олиб кирди. Бизнесмен Трамп билан тез-тез Мар-а-Лагода учрашиб туради ва эндиликда у тадбиркор Вивек Рамасвами билан биргаликда ҳукумат харажатларини қисқартириш бўйича масъул бўлган Федерал маслаҳат қўмитасини бошқаради.
Ундан ташқари, бу ғалаба Маскнинг компанияларига ҳам фойда келтириши кутилмоқда. Жумладан, NASA’нинг янги раҳбари этиб SpaceX астронавти Жаред Айзакманнинг тайинланиши компанияга космик тадқиқот ва давлат буюртмалари бўйича йирик шартномаларни қўлга киритиш имконини беради. Маскнинг кейинги катта компанияси Tesla эса автоном автомобиллар учун енгилроқ тартибга солувчи қоидалар чиқишини кутмоқда.
Маълумот учун, ҳозирда Илон Маск Bloomberg миллиардерлар рейтингида 361,7 млрд доллар билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Трамп иккинчи президентлиги даврида эса бу рақамлар янада ўсиши кутилмоқда.